Маданий мерос агентлиги Андижонда Бобур ёдгорлигини кўчиришга ҳозирча розилик бермаган

Улашиш:

Маданий мерос агентлиги Андижонда Бобур ҳайкали кўчирилишини ҳозирча маъқулламаган. Айтилишича, унинг ўрнига кўп қаватли бизнес маркази қурилиши режалаштирилган. Агентлик розилигини олиш ушбу турдаги ҳар қандай қайта қуриш учун мажбурий белгиланган қонуний шарт ҳисобланади.  

Эслатиб ўтамизки, куни кеча Андижон вилояти ҳокимлиги буюк ёзувчи ва саркарда ҳайкалини Бобур майдонидан яқин атрофдаги Регистон майдонига кўчиришни режалаштиргани ҳақида ёзган эдик. Ҳайкал ўрнида бизнес-марказ қурилиши режалаштирилган.

Маданий мерос агентлигининг хабар беришича, 8 ноябрь куни Андижон вилояти маданий мерос бошқармасига вилоят кадастр бошқармасидан Бобур ёдгорлигини Фитрат кўчасидаги "Жомеъ" меъморий ёдгорлиги ҳудудига кўчириш тўғрисида мурожаат келиб тушган.

Таъкидланишича, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳайкали монументал санъат асари бўлиб, моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари Миллий рўйхатига киритилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 мартдаги 265-сон қарорига мувофиқ, моддий маданий мерос объектлари ва уларнинг муҳофаза этиладиган ҳудудларида ер, қурилиш, мелиоратив ва бошқа хўжалик ишларини олиб бориш Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгаши хулосасини олгандан кейингина амалга оширилиши мумкин.

Шунингдек, президентнинг 2021 йил 19 июндаги фармонига биноан, моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари   соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар жойлашган аҳоли пунктлари бош режалар лойиҳаларини Маданий мерос агентлиги билан келишиш мажбурий ҳисобланади.

Агентлик тегишли ташкилотларга ҳайкални кўчириш масаласи бўйича хулоса олиш учун кенгашга мурожаат қилишни тавсия қилган.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.