Бухоро вилоятида А-380 “Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнау” автомагистралини реконструкция қилиш доирасида 1 824 туп мевали ва манзарали дарахтлар кўчириб ўтказилмоқда. Жараён аллақачон бошланган, аммо ижтимоий тармоқларда бу ҳолат катта муҳокамаларга сабаб бўлди!
Дарахтлар қаерга кетяпти?
Вилоят Экология бошқармасининг маълумотига кўра, 151 туп дарахт “Боқий Бухоро” мажмуаси ва “Янги Ўзбекистон” боғига кўчириб ўтказилган. Қолган дарахтлар бўйича ишлар давом этмоқда.
Оммавий кесиш ёки эҳтиёткорлик?
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда дарахтларни экскаваторлар ёрдамида қазиб олиб, йўл бўйлаб судраб олиб кетилаётгани акс этган. Фойдаланувчилар бу жараёнда дарахтларга эҳтиётсизлик билан муносабатда бўлинаётганини танқид қилмоқда.
Экологлар нима дейди?
Мутахассислар кўчириб ўтказиш жараёнида тупроқ ва ўсимлик ҳолатини аниқ таҳлил қилиш, махсус техникадан фойдаланиш ва ўсимликлар мослашувчанлигини таъминлаш муҳимлигини таъкидламоқда. Лекин бу тадбирлар амалга оширилгани ёки оширилмагани ҳозирча номаълум.
Саволлар очиқ қолмоқда: Дарахтларни сақлаб қолиш учун барча чоралар кўрилдими? Ёки бу кўчириш эмас, оммавий кесишми?