Ўзбекистон парламенти қуйи палатаси янги сайланган депутатларининг ўртача ёши 3 ёшга — 49,5 ёшгача ошди. Ёши энг катта партия ЎзХДП, энг кичиги эса «Миллий тикланиш» бўлди. Аёллар улуши 32 фоиздан 38 фоизга ўсди.
Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига янги сайланган депутатларнинг ўртача ёши уларнинг ўтмишдошларига қараганда юқорироқ бўлди. Бу «Газета.uz» ўрганган маълумотлардан англашилади.
Тўртинчи чақириқ (2019−2024 йиллар) палата депутатларининг ўртача ёши 46,4 ёшни ташкил этган бўлса, янги чақириқ парламентарийлари учун бу кўрсаткич 3 ёшга ўсиб, 49,5 ёшга етди. Барча партиялар учун ўртача ёш ошди.
Депутатлар орасида аёллар сони 11 нафарга кўпайиб, 48 дан 57 нафарга етди, уларнинг улуши 32 фоиздан 38 фоизга ўсди. Депутат аёлларнинг ўртача ёши 2,7 ёшга — 52,1 ёшгача, эркакларники эса 2,8 ёшга — 47,9 ёшгача кўтарилди.
Ҳар бир партиядаги эркаклар ва аёллар сони:
- ЎзЛиДеП: 40 нафар эркак ва 24 нафар аёл;
- «Миллий тикланиш»: 21 нафар эркак ва 8 нафар аёл;
- ЎзХДП: 12 нафар эркак ва 8 нафар аёл;
- Экологик партия: 10 нафар эркак ва 6 нафар аёл;
- «Адолат»: 10 нафар эркак ва 11 нафар аёл.
Энг «ёши улуғ» партия ЎзХДП бўлиб чиқди — ўртача ёши 54,3 ёш (олдинги чақириқда 48,5 ёш эди). Ундан кейинги ўринларда «Адолат» партияси — 51,3 ёш (49,1) ва Экопартия — 47,8 ёш (46,2) жойлашди.
Етакчи ЎзЛиДеП ўртача 46,1 дан 48,6 ёшгача «қариди». Энг «ёш» «Миллий тикланиш» фракцияси бўлиб, унинг ўртача ёши 47,76 ёшни ташкил этди (аввалги чақириқда 44 ёш).
Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, 2 нафар депутатнинг ёши 30 ёшдан кичик, 38,6 фоизи 30 ёшдан 45 ёшгача, 46,6 фоизи 45 ёшдан 60 ёшгача, 13,3 фоизи 60 ёшдан ошган.
Депутатларнинг 12,7 фоизи мамлакатда яшовчи бошқа миллат вакиллари: 5 нафари рус, 3 нафардан қозоқ ва тожик, 2 нафари корейс, 1 нафардан туркман ва қирғиз.
Барча депутатлар олий маълумотли, уларнинг 15 фоизи хорижий давлатларда таҳсил олган. Шундан 30 фоиз иқтисодчилар, 22 фоиз ҳуқуқшунослар, 18,7 фоиз педагоглар, 12 фоиз муҳандислар, 9,3 фоиз тиббиёт соҳаси вакиллари, 8 фоиз маданият соҳаси вакиллари, тадбиркор ва фермерлардир.
Депутатларнинг 35 фоизи илмий даражага эга.
Биринчи марта 3 нафар ногиронлиги бўлган шахс депутатликка сайланди.
Парламент қуйи палатасидаги ўринлар қандай ўзгарди
Аввал хабар қилинганидек, Ягона сайлов округи бўйича Қонунчилик палатасидаги депутатлик ўринлари якунда партиялар ўртасида қуйидагича тақсимланди:
- ЎзЛиДеП — 26 ўрин;
- «Миллий тикланиш» — 14 ўрин;
- ХДП — 13 ўрин;
- «Адолат» — 12 ўрин;
- Экологик партия — 10 ўрин.
Бир мандатли округлар бўйича (номзод учун овоз бериш) қуйидагилар сайланди:
- ЎзЛиДеПдан — 38 депутат;
- «Миллий тикланиш»дан — 15 депутат;
- «Адолат»дан — 9 депутат;
- ХДПдан — 7 депутат;
- Эко партиядан — 6 депутат.
Шундай қилиб, ЎзЛиДеП олдинги чақириққа нисбатан қўшимча 11 ўрин эгаллаб, 64 депутатлик (42,7 фоиз) ўрнига эга бўлди. «Миллий тикланиш» 7 ўринни бой бериб, 29 та (19,3 фоиз) ўринга, «Адолат» 3 ўринни йўқотиб, 21 та (14 фоиз) ўринга, ЎзХДП 2 ўринни қўлдан чиқариб, 20 та (13,3 фоиз) ўринга, Экопартия эса 1 ўрин қўшиб, 16 та (10,7 фоиз) ўринга эга бўлди.
Аввалроқ «Газета.uz» Қонунчилик палатасининг 150 нафар депутатидан 63 нафари қайта сайлангани (42 фоиз, 2019 йилги сайловда 27 фоиз эди) ҳақида ёзганди. Шунингдек, аввалги чақириқ Сенатнинг бир неча аъзоси палата депутати бўлди.
Партия рўйхати бўйича депутатликка сайланган бош вазир ўринбосари, вазир ёки давлат органи раҳбарларининг бирортаси ҳам Қонунчилик палатаси депутати бўлиш учун ўз лавозимини тарк этмайдиган бўлган.