2023-2024 йилларда “SANGZOR-TEKSTIL” МЧЖ 2885,4 тонна пахта толасини тўғридан-тўғри шартнома асосида сотиб олиш ва манипуляция ҳаракатларини амалга ошириш орқали рақобат қонунчилигини бузганлиги аниқланди.
Рақобат қўмитаси Жиззахдаги мазкур МЧЖга қарши таъсир чораси кўрди. Ушбу чоралар, давлат ташкилотлари ва субъектларининг қонун талабларига риоя қилмаслик ҳолатларига қарши курашиш мақсадида амалга оширилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 мартдаги 170-сонли қарорига асосан, юқори ликвидли ва (ёки) монопол турдаги маҳсулотларнинг биржа савдоларида сотилиши тартиби белгиланган. Шу муносабат билан, Қўмитанинг Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси доимий равишда биржа савдоларига қўйилиши керак бўлган маҳсулотларни ўрганиш ва таҳлил қилиш ишларини олиб бормоқда.
Ҳудудий бошқарма томонидан ўтказилган текширувларда “Рақобат тўғрисида”ги Қонун талаблари бузилганлиги аниқланди. Хусусан, “SANGZOR-TEKSTIL” МЧЖ томонидан юқоридаги маҳсулотларни тўғридан-тўғри шартнома асосида сотиш ҳолатлари кузатилди.
“Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 29-моддасида белгиланганидек, юқори ликвидли ва (ёки) монопол маҳсулотлар фақат биржа савдолари орқали сотилиши керак. Бундай ҳаракатлар монополияга қарши талабларни бузиш ҳисобланади.
Ушбу ҳолатларга асосланиб, ҳудудий бошқарманинг Махсус комиссияси “SANGZOR-TEKSTIL” МЧЖга нисбатан иш қўзғатиб, Вазирлар Маҳкамасининг 170-сонли қарори ва “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 29-моддаси талаблари бузилиши аломатлари билан тегишли таъсир чорасини амалга оширди.