Ҳайвонлар ҳимоячиси, экофаол ва уйсиз ҳайвонлар учун бошпана асосчиси Иорода Маткаримова яқинда пойтахтнинг Мирзо Улуғбек тумани кенгашига Экопартиядан депутат бўлди. Унинг сайлангани Тошкентдаги экологик муаммоларни ниҳоят янги босқичга кўтарилишига умид беради. Ахир, у ҳар доим бу соҳадаги энг фаол шахслардан бири бўлган ва ҳозир ҳам шундай бўлиб қолмоқда.
Таҳририятимиз учун берган эксклюзив интервьюда депутат экология муаммолари ва ҳайвонларни ҳимоя қилиш, янада инсонпарвар ва барқарор муҳит яратиш чораларини ўз ичига олган аниқ режалар ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Соғликка бевосита таҳдид
Ирода Маткаримова Тошкентдаги ва умуман Ўзбекистондаги экологик вазият яхши эмаслигини яширмайди. У ҳавонинг ифлосланишини асосий муаммо деб атади.
"Катта шаҳарларда атмосферанинг ифлосланиши нафақат ноқулайлик, балки фуқароларнинг соғлиғига бевосита таҳдиддир. Ҳаво сифати паст бўлган шароитда биз нафас олиш йўллари билан боғлиқ касалликларнинг кўпайишига дуч келамиз. Вазиятнинг янада ёмонлашишига йўл қўймаслик учун зудлик билан чоралар кўришимиз керак", - деди депутат.
Унинг сўзларига кўра, муаммони ҳал қилиш учун биринчи қадам йирик корхоналарни зарарли моддалар чиқиндиларини камайтириш учун замонавий филтрлар билан жиҳозлаш бўлиши керак. Бироқ, унинг сўзларига кўра, бу ҳам етарли эмас.
"Экологик меъёрларни бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш керак. Аммо фақат қонунчилик ташаббуслари билан чекланиш етарли эмас, фуқароларнинг саводхонлигини ҳам ошириш лозим. Агар одамлар муаммонинг жиддийлигини тушунмасалар, вазиятни ўзгартира олмаймиз", - деди у.
Экофаол иссиқхоналарни иситиш учун эски шиналарни ёқиш муаммосига алоҳида эътибор қаратди.
"Бу экологик меъёрларни бузади, атмосферани заҳарли моддалар билан ифлослантиради. Бундай ҳаракатлар барчамизга, болаларимизга зарар етказади", - деди Маткаримова.
Уйсиз ҳайвонлар тўдаси
Ирода Маткаримова ўз фаолиятининг асосий йўналишларидан бири уйсиз ҳайвонларни ҳимоя қилиш, деб ҳисоблайди. Муаммо билан чуқур таниш бўлган киши сифатида у вазият кўлами қанча кенг эканлигини тушуниб етган: ҳар йили фақат Тошкентнинг ўзида 10 -15 минггача ит тутилади.
Зооҳимоячининг таъкидлашича, биринчи навбатда, уйсиз ҳайвонларнинг пайдо бўлишида одамлар айбдор ва кўплаб эгаларининг масъулияти етарли даражада эмас.
"Менга қўнғироқ қилиб: “Уй сотиб олдим, у ерда ит бор экан. Уни олинг, менга керак эмас", деб айтишади. Агар улар қўнғироқ қилсалар яхши, итни олиб кетамиз. Ҳайвонларни шунчаки дарвозадан ташқарига чиқариб юбориш билан боғлиқ нечта ҳолатлар мавжуд? Шу тариқа, уйсиз ҳайвонлар сони ошиб бораверади”, - деди депутат.
Унинг фикрича, муаммони ҳал қилиш учун қаттиқ чоралар кўриш керак.
"Уй ҳайвонини олдингизми? Стерилизация қилинг, чип ўрнатинг, ғамхўрлик қилинг. Ташлаб кетдингизми? Бошпаналарни сақлашга кетадиган жаримани тўланг", - дея таъкидлади Маткаримова.
Унинг айтишича, яна бир муҳим қадам – бу бутун мамлакат бўйлаб ҳайвонларни стерилизация қилишдир.
Экологик фаолнинг таъкидлашича, республиканинг 14 минтақасида, 2024 йилги давлат дастурига кўра, бошпаналар қуриш учун ерлар ажратилган. Улар ҳайвонларни чиплаш, стерилизация қилиш ва бировларга топшириш билан шуғулланадилар.
"Шунингдек, волонтёрлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш режалаштирилган. Бунинг натижасида Самарқандда бўлгани каби, дайди ҳайвонларни жамоатчилик назоратида ушлаш имкони яратилади, қолаверса, жамоатчилик асосида ҳайвонларга ғамхўрлик қилиш ва уларга янги эгалар топиш амалиёти мавжуд",- деди у.
Унинг сўзларига кўра, волонтёрлар бу масала устида олти йилдан бери ишламоқда. Ҳайвонлар ҳимоячиси янги бошпаналар пайдо бўлиши билан уйсиз ҳайвонлар билан боғлиқ вазият яхши томонга ўзгаришига ишонади.
Депутат ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабат ҳақида ҳам гапирди. У шавқатсизлик қилган шахслар учун жарималарни жорий этишни ва оммавий танқид қилиш механизмини яратишни таклиф қилмоқда.
"Бундай ҳаракатлар жамоатчилик томонидан қораланиши керак. Ва жарималар ҳам сезиларли бўлиши керак, шунда одам ўз ҳаракатларининг жиддийлигини тушунади", - деди у.
Мушуклар – шаҳар санитарлари
Ирода Маткаримова Тошкентда мушуклар учун хавфсиз шароит яратишга қаратилган "Мушуккент" лойиҳасини фаол тарғиб қилмоқда. Унинг сўзларига кўра, ушбу ташаббус доирасида махсус уйчаларни ўрнатиш, кўча ҳайвонларини стерилизация қилиш ва эмлаш дастурини кенгайтириш режалаштирилган.
Бунинг учун лойиҳага унинг ташаббусларига ҳомийлик қила оладиган корхоналар уланади. Масалан, Coca-Cola ва Pepsi компаниялари аллақачон бир нечта мушук уйчаларини совға қилишган. Унинг таъкидлашича, маҳаллалар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва Тошкент аҳолисини лойиҳага жалб этишга катта эътибор қаратилади.
"Кўп одамлар мушукларни ёқтирмайдилар, лекин биз бу ҳайвонларнинг шаҳар муҳитида тинч яшаши учун шароит яратишга мажбурмиз. Акс ҳолда, шаҳар каламушларга ботиб кетади", – дея тушунтирди Маткаримова. Режаларни амалга ошириш учун “Мушуккент” шаҳар ИИББ, Миллий гвардия ва ҳокимлик билан ҳамкорликда ишламоқда.
Яна бир жиддий лойиҳа кўча ҳайвонларини стерилизация қилиш учун кўчма клиникаларни яратишдир. Зооҳимоячининг сўзларига кўра, ҳайвонлар илгари бир нечта клиникаларда қарзга стерилизация қилинган. Яқинда “Хаёт” бошпанаси ва “Мушуккент” лойиҳасини қўллаб-қувватлаш учун “Лайкис вет” мушукларни стерилизация қилиш маркази очилди. Бу процедураларни анча осонлаштирган ва қарзга харажат қилиш энди муаммо эмас.
"Энди биз ойига 50-60та мушукни стерилизация қилишимиз мумкин. Бундан ташқари, биз операция хонаси билан жиҳозланган "котобус"ни яратишни режалаштирмоқдамиз. Бундай автобус бутун шаҳар бўйлаб қулай жойларда ҳайвонларни стерилизация қилишга имкон беради", - деди депутат. У маҳаллий ветеринария шифокорлари билан тузилган шартномалар ушбу хизматларни мунтазамлигини таъминлашга ёрдам беради, дея умид қилмоқда.
Нима учун улар дарахтларни суғоришдан қўрқишади?
Туман кенгашидан депутатлик ваколатига эга бўлган Ирода Маткаримова аллақачон бир нечта маҳаллаларга ташриф буюриб, кўплаб экологик муаммоларни қайд этган. Асосий нарсалардан бири- суғоришнинг етишмаслиги туфайли дарахтларнинг қуришидир.
"Кўп дарахтлар экилган, аммо қонунчиликка кўра суғориш учун ичимлик сувидан фойдаланиш мумкин эмас. Маҳалла фақат маълум соатларда сувга эга, бироқ аҳоли жарималардан қўрқади ва дарахтларни суғормайди", – дея тушунтирди у.
Депутат яқин атрофдаги каналга эътибор қаратди ҳамда насос ва сув қувурларини ўрнатиш орқали дарахтларни ушбу манбадан сув билан суғоришни ташкил қилишни таклиф қилмоқда. Бундан ташқари, ушбу мақсадлар учун маҳаллаларда ёмғир сувини йиғиш учун резервуарлар ўрнатиш мақсадга мувофиқдир.
"Агар биз ёмғир тўпловчи мослмаларни ўрнатсак, одатда ерга тушадиган сув сақланиши ва суғориш учун ишлатилиши мумкин", - деб тушунтирди Маткаримова.
Сўзининг якунида экофаол ва зооҳимоячиси табиатни ва бир – бирини ҳурмат қилиш ва асраш ҳар-бир фуқаронинг масъулияти эканлигини таъкидлади. Шунингдек, у экологик мақсадларга эришиш учун биргаликда ҳаракат қилиш кераклигига аминдир.
"Агар биз ҳаммамиз муштдек бирлашсак, кўп нарсага эриша оламиз. Дарахтлар, ҳаво ва сув бизнинг келажагимизни белгилайдиган биринчи масалалардир. Фарзандларимиз ва набираларимиз учун бу ҳақда уйлашга мажбурмиз", - дея хулоса қилди суҳбатдошимиз.
Ирода Маткаримованинг шахсий архивидан олинган фотосурат.