Жиззахда 800 минг сўм қарз устида бир гуруҳ шахслар муштлашди

Улашиш:

Жиззах шаҳрида 800 минг сўм қарз устида бир нечта одамлар муштлашди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.

Билдирилишича, жанжал шаҳарнинг Ўратепалик маҳалласида жойлашган овқатланиш шохобчасида ишловчи йигитдан таниши қарзини сўраб келишидан бошланган. Пулини ундира олмаслигини сезган фуқаро зўрлик йўлига ўтган ва жанжалга бошқа йўловчи фуқаро ҳам аралашган. Муштумзўрдан жабрланувчига айланиб қолаётганини сезган фуқаро қайтиб келишини ваъда қилиб, жўнаган. Шу куннинг ўзида қарз берувчи соат 16:30 лар атрофида бир нечта танишларини овқатланиш шохобчасига бошлаб келган ва қарз олувчини ҳам, унинг шерикларини ҳам дўппослаган.

Жабрланувчиларнинг шикоят аризасига биноан безориларга нисбатан тегишли тартибда жиноят иши қўзғатилиб, жавобгарликни белгилаш чоралари кўрилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззах вилоятидаги шифохоналарнинг бирида бемор кўришга келган ака-укалар безорилик қилганди. Ҳамширалар ўша вақтда жарроҳлик амалиёти ўтказилаётгани сабабли бемор ҳақида маълумот бера олмаган. Бу эса ака-укаларнинг жаҳлини чиқарган. Ҳуқуқбузарлардан бири ҳамшираларни ҳақорат қилиб, қабул бўлимидаги шиша тўсиқ, компьютер экрани ва эшик ойнасини синдирганди. Шунингдек, ака-укалар ички ишлар ходимларига ҳам қаршилик кўрсатишга уринган эди.

Ҳуқуқбузарларга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари билан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судига юборилган. Суд қарори билан 3 нафар ака-уканинг 2 нафарига 15 кун муддатга маъмурий қамоқ, бир нафарига БҲМнинг 12 баравари (4 млн 80 минг сўм) миқдорида жарима қўлланган.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.