Туркия Исроил билан барча муносабатларни узди

Улашиш:

Туркия Исроил билан дипломатик муносабатларни тўхтатган ва қайта тикламаслигини билдирган. Бу тўғрисида Туркия президенти Ражаб Тойип Эрдўған айтган.  

Туркиянинг TRT Haber телеканалининг хабар беришича, Эрдўған Туркия Исроилга босимни кучайтириш ва халқаро ҳуқуқ асосида мажбурий чоралар кўриш учун имкон қадар ҳаракат қилаётганини айтган. Унинг сўзларига кўра, Туркия Исроилнинг ҳаракатларига, шу жумладан савдо-сотиқни тўхтатишга энг кучли муносабат билдирган мамлакатга айланган ва бу борада энг аниқ қадамларни қўйган.

"Биз Туркия Республикаси давлат ва ҳукумат сифатида Исроил билан муносабатларни уздик. Айни пайтда Исроил билан ҳеч қандай алоқамиз йўқ", - деди у.

Эрдўған Туркия охиригача Фаластин томонида туришини қўшимча қилган.

Туркия 2023 йил октябр ойида Ғазо секторидаги ЦАХАЛ операцияси бошланганидан бери Тель-Авивнинг ҳаракатларини қоралаб, уни тинч фаластинликларни оммавий қирғин қилишда айбламоқда. Мамлакат бир неча бор ўт очишни тўхтатишга чақирган ва яҳудий давлатига босим ўтказиб келган.

Хусусан, май ойи бошида Туркия Савдо вазирлиги Исроил билан товар айирбошлаш тўлиқ тўхтатилганини эълон қилган. Бундан олдин Анқара 54 та кичик товар гуруҳларини экспорт қилишни чеклаган эди, аммо ЦАХАЛ Ғазода жанговар ҳаракатларни давом эттирди.

Эслатиб ўтамизки, 50 дан ортиқ давлатлар БМТни Исроилга қарши қурол эмбаргосини жорий этишга чақиришган.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.