Фаластин–Исроил: жин кўзадан чиқди! Дунё давлатлари қандай позицияда?

Улашиш:

7 октябрь куни ҲАМАС кучлари Исроилга қарши «Ал-Ақсо бўрони» деб номланган ҳарбий амалиёт бошлаганини эълон қилди. Исроил томон юзлаб ракета учирилган. ҲАМАС кучлари Исроил ҳудудига кириб, бир қанча ҳарбий пост ва аҳоли пунктларини эгаллаган. Шунингдек, ҳарбийлар ва тинч аҳоли вакиллари гаровга олинган. «Ал-Ақсо бўрони» операцияси Исроилнинг Ал-Ақсo масжидидаги «қизил чизиқлар»ни бир неча бор бузганига жавоб экани айтилмоқда.

Исроил ошиғич равишда «Темир қиличлар» аксилтеррор операциясини бошлаган. Тель-Авив маъмурияти Ғазо секторига авиация орқали ҳужумларни амалга оширмоқда. Умумий сафарбарлик эълон қилиниб, захирадаги ҳарбийлар хизматга чақирилмоқда: Исроил Ғазо ҳудудида қуруқлик орқали ҳарбий амалиёт  бошлаши мумкин. Ғазодаги минглаб аҳоли Исроил томонидан ўққа тутилгани сабабли бошпанасини ташлаб кетишга мажбур бўлмоқда.

Расмийлар икки ўртадаги тўқнашувларни чинакам уруш деб атамоқда.

Сўнгги маълумотларга қараганда, ўзаро қуролли зиддиятларда 250 га яқин исроиллик ва 232 нафар фаластинлик ҳалок бўлган. Ҳарбий ҳаракатлар кетаётган паллада рақамларни текшириш имконсиз.

Фаластин ва Исроил зиддияти яна қайта кучайиши, минтақада уруш юзага келгани борасида дунё давлатлари турлича  муносабатда бўлмоқда. Исроилга анъанавий равишда иттифоқчи бўлган давлатлар уни қўллаб-қувватлаётган бўлса, яна айрим давлатлар томонларни вазминликка чорламоқда. Яна айримлар эса юзага келган таранглик ва хунрезликда Исроилнинг Фаластинга нисбатан бирёқлама сиёсатини сабаб ўлароқ кўрсатмоқда.

Араб давлатлари лигаси бош котиби Аҳмад Абул Ғайт Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётларни зудлик билан тўхтатишни талаб қилди. «Исроилнинг зўравон ва мутаассиб сиёсатни давом эттириши яширин бомба каби таъсир кўрсатади, яқин истиқболда минтақада барқарорлик ўрнатиш имконини йўққа чиқаради», – дейди АДЛ раҳбари.

АҚШ «ҲАМАСнинг Исроилга даҳшатли террорчилик ҳаракатларини» қоралаган. Жо Байден бош вазир Бинямин Нетаняҳу билан телефон орқали мулоқотда Қўшма Штатлар Исроилга уруш учун ҳар қандай кўмакка тайёрлигини билдирган.

БМТ ҳар икки томонни босиқликка ундаган. «Бош котиб (Антониу Гутерриш) тинч аҳоли тақдиридан чуқур хавотирда ва имкон қадар вазмин бўлишга чорлайди. Халқаро гуманитар ҳуқуққа мувофиқ, тинч аҳоли вакиллари ҳамиша ҳурмат ва ҳимояга лойиқдир», – деб баёнот берган БМТ расмий вакили  Стефан Дюжаррик.

Бразилия ташқи ишлар вазирлиги «Исроилда амалга оширилган портлашлар ва қуруқликдаги ҳужумлар»ни қоралаб, томонларни тарангликни кучайтирмасликка даъват қилган. Айни пайтда БМТ Хавфсизлик кенгашида раислик қилаётган Бразилия кенгашнинг фавқулодда мажлисини ўтказмоқчи.

Буюк Британия ташқи ишлар вазири Жеймс Клеверли унинг мамлакати «ҲАМАСнинг Исроил фуқароларига даҳшатли ҳужумини кескин қоралаши»ни таъкидлади. «Буюк Британия Исроилнинг ўз-ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини ҳамиша қўллаб-қувватлайди», – деб баёнот берган расмий Лондон вакили.

Германия «Ғазо секторидан Исроилга қарши амалга оширилган терактларни кескин» қоралаган. «Биз Ғазодан ракеталар учирилгани ва зўравонлик авж олганидан қаттиқ хавотирдамиз. Германия ҲАМАСнинг бу ҳужумларини қоралайди ва Исроилни қўллаб-қувватлайди», – деб баёнот берган канцлер Олаф Шольц.

Европа Иттифоқи бош дипломати Жозеп Боррель гаровга олинган исроилликларни зудлик билан озод қилишга чақирган. Унга кўра, ҲАМАСнинг ҳужуми «Исроил халқини ғам-андуҳга солиб» қолмай, «тарангликни янада кучайтиради ва Фаластин манфаатларига ҳам зиён келтиради».

Иордания ташқи ишлар вазирлиги вазият беқарорлигидан огоҳлантириб, «Ғарбий соҳилдаги шаҳар ва қасабаларда амалга оширилаётган Исроил ҳужумлари ва фаластинликлар ҳуқуқлари бузилиши»ни ёдга олган.

Кувайт вазият юзасидан жиддий хавотир билдирар экан, Исроилнинг Фаластинга нисбатан сиёсатини танқид қилган. Кўрфаз давлати ташқи ишлар вазирлиги Исроилни «оккупация сиёсатини тўхтатиш»ни чақирган. 

Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи сўнгги ҳодисаларни «Исроилнинг узоқ муддатдан буён давом этаётган босқинига жавоб» деб атаган.

Миср икки ўртадаги тарангликнинг ортиши жиддий оқибатларни келтириб чиқаришидан хавотир билдирган. Қоҳира ҳар икки томонни «имкон қадар оғир-вазмин бўлиш ва тинч аҳоли вакиллари ҳаётини хавфга қўймаслик»ка ундаган.

НАТО «террор эркин жамият учун жиддий таҳдид» ва «Исроил ўзини мудофаа қилиш ҳуқуқига эга» деб ҳисоблайди.

Франция президенти Эммануэль Макрон «Исроилга уюштирилган террорчилик ҳаракатларини кескин қораланиши»ни таъкидлаб, Тель-Авив билан бирдамлик изҳор қилган.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Исроил ва Фаластин ўртасидаги зиддиятни тўхтатишга чақирди.

«Биз барча томонларни босиқликка ва кескинликни кучайтирувчи ҳаракатлардан қочишга чақирамиз», – деган Эрдўғон. Cиёсий етакчи, айни чоқда, Ал-Ақсо масжидига қарши ҳар қандай ҳаракатларга қарши эканини билдирган.

Россия ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захаровага кўра, 75 йилдан буён давом этаётган Фаластин–Исроил ихтилофини куч билан ҳал этиб бўлмайди. Расмий Москва халқаро ҳуқуқий меъёрларга кўра пойтахти Шарқий Қуддус бўлган, 1967 йилги чегаралар доирасида мустақил Фаластин давлати тузилиши лозимлигини урғулаган.

Саудия Арабистони ташқи ишлар вазирлиги таъкидича, томонлар зўравонликни зудлик билан тўхтатиши лозим. «Биз Фаластин гуруҳлари ва Исроил оккупацион кучлари ўртасидаги бир қатор фронтларда зўравонликнинг кучайишига олиб келган мисли кўрилмаган ҳодисаларни диққат билан кузатмоқдамиз», – дейилади баёнотда.

Украина президенти Владимир Зеленский ҲАМАСнинг ҳужумини «террорчилик ҳаракати» деб атаб, «Исроилнинг ўз-ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқи шубҳа остига олиниши мумкин эмас»лигини таъкидлаган.

Эрон ташқи ишлар вазирлиги ўз иттифоқчиси ҲАМАС кучларининг ҳужумини фаластинликларнинг Исроил оккупациясига қарши ишончли ҳаракати деб баҳолаган. Айрим ахборот агентликлари Эрон олий раҳбари маслаҳатчиси Раҳим Сафавийнинг Теҳрон «Фаластин ва Қуддус озод бўлгунга қадар кўмакни давом эттириши» ҳақидаги фикрини келтирмоқда.

Қатар ташқи ишлар вазирлиги берган баёнотда минтақадаги кескинлик ва Фаластин халқига нисбатан зўравонлик учун Исроил айбдор экани таъкидланади. Расмий Доҳага кўра, охирги ҳодисалар Исроил томонидан Ғазодаги фаластинликларга нисбатан нотенг уруш олиб боришга баҳона бўлмаслиги керак.

Хўш, ўзаро урушга киришган томонлар қандай фикрда?

Фаластин президенти Маҳмуд Аббос унинг халқи Исроилнинг оккупацион армияси ва терроридан ҳимояланиш ҳуқуқига эга эканини таъкидлаган.

ҲАМАС етакчиси Исмоил Хония Ғазодан бошланган ҳужум Исроил ишғоли остидаги Ғарбий соҳил ва Қуддусга ҳам кўчишидан огоҳлантирган. «Исроил босқинчилари барча йўналишларда ҳаракат қилиб, Ғазода фаластин халқига ҳужум уюштирмоқда. Лекин биз халқимиз ва муқаддас еримизни мудофаа этишда собитмиз, улар учун қилич ва қалқон бўламиз», – дея ҳодисаларга муносабат билдирган И.Хония.

7 октябрь кунги навбатдаги ташқари йиғилишда Исроил хавфсизлик кенгаши ҲАМАСнинг ҳарбий ва сиёсий салоҳиятини йўқ қилиш режасини маъқуллаган. Тель-Авив узоқ ва машаққатли урушга киришганини маълум қилган. 

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҲАМАСнинг ҳарбий амалиётидан сўнг Фаластин анклавини «кимсасиз орол»га айлантириш билан таҳдид қилди ва тинч аҳолини уйларини тарк этишга чақирган.

«Биз бу кун учун қасос оламиз. Биз ҲАМАСнинг барча позицияларига ҳужум қиламиз. Ғазони кимсасиз оролга айлантирамиз. Ғазо фуқароларига мурожаат қиламан. Сиз ҳозир кетишингиз керак. Биз нишонга оламиз», – деган Исроил раҳбари.

Сўнгги хабарларга кўра, Исроил кўп йиллардан буён қамал шароитида кун кечираётган Ғазо ҳудудига электр энергия узатишни тўхтатган, ёнилғи ва маҳсулотлар етказиш йўли ҳам ёпилган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.