“Хўжабоғбон ота” зиёратгоҳи таассуротлари (Видео)

Улашиш:

Ҳар сафар Форишга йўлим тушса, “Хўжабоғбон ота” зиёратгоҳига кириб ўтишни ният қилар эдим. Лекин бу турли сабаблар туфайли насиб этмаган. Кеча Фориш туманига  иш юзасидан бордик. Ишимиз эртароқ битгани учун, қайтишда ҳамкасбим Сарвиноз Худойбердиева билан мазкур зиёратгоҳга кириб ўтишга қарор қилдик. Асойи йўлдан 3 км ичкарида тоғлар орасига кириб борар экансиз атроф сувсизликдан сарғайиб кетганлигини кўришингиз мумкин. Йўли ҳам у қадар текис эмас. Майдаланган  оҳактош тўкилиб йўл текисланган. Агар имкони бўса зиёратгоҳгача бўлган йўлни асфалтлаб, бу ерга ташриф буюрувчилар оқимини яна ҳам ошириш мумкин.

Сешанба куни бўлгани учунми, зиёратчилар камроқ. Асосий эътиборни тортган биринчи нарса зиёратгоҳ дарвозаси олдидаги силлиқ тош бўлди. Энг қизиғи ушбу тошдан ёши улуғ онахон набиралари кўмагида сирғаниб, ёшлигини эслаяпти. Бироз  ғалати туюлса-да, мийиғимда кулиб қўя қолдим. Ўша тошдан балки йўлингиз тушган бўлса сиз ҳам сирғанган бўлишингиз мумкин.

Хуллас зиёратгоҳ ҳовлисига кирар эканман бу ер ўтган йили туман ҳокимлиги ташаббуси билан ободонлаштирилганлигини ўқиганим ёдимга тушди. Ҳарқалай, маданий мерос объекти сифатида уҳофазага олинган жойнинг табиати у қадар салқин эмас, лекин бир неча асрларга тегишли дарахтлар танаси чириб кетган бўлсада, янги тана хосил қилиб, ўзининг соясидан зиёратчиларни баҳраманд этмоқда.

Хуллас юқорига зиналар орқали кўтарилар экансиз, тоғ манзараси сизни ҳайратга сола бошлайди. Энг юқори қисмида “тешиктош” орасидан аёл кишининг овози бироз чўчитиб юборганини ҳисобга олмаса, ҳайратлантирадиган  бош нарса кўзга ташланмайди. Опа билан бироз суҳбатлашдик. Тешиктош орасига кириб чиқаётган опа оёқяланг эди. Сабабини сўраганимда зиёратчиларнинг кўплаб кириб чиқиши натижасида, тошлар силлиқлашиб кетган экан. Оёқ кийим билан кириб бўлмайди хуллас. Ўзим ҳам кириб кўрганимда, оёқ кийимимни ечишга эринганим сабабли бироз ҳаракатланиш ноқулай бўлди.

Шундан сўнг ўша ердаги булоқ сувлари чиқадиган жойларни кўздан кечирдим. Бироз пастроқда кичик ҳовуз ичида “Саъд ибн Абу Ваққос” ҳамда Бахмал туманидаги “Новқа ота” зиёратгоҳларидаги каби “Авлиё балиқлари”га кўзингиз тушади. Фақатгина сув ифлослангани ва айниганлиги сабабли анча хиралашган. Чунки булоқ сувлари ҳам у қадар катта босим билан чиқмаяпти. Балки шу сабаблидир ҳовуз суви ҳам анча хиралашган.

Ўзига хос таассурот билан масканни тарк этар эканман, келгуси келишимда бу масканни оилам билан зиёрат қилишга қарор қилдим.

Ҳакимжон Фозилов

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.