Жиззах вилояти “Istiqlol avlodi” ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш маркази раҳбари Т.Умаров ва лойиҳа координатори С.Кунарова Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида амалга оширилаётган “Ўзбекистонда гендер тенглиги бўйича фуқаролик жамияти ва давлат идоралари ўртасида ҳамкорлик” лойиҳаси доирасида Самарқанд, Жиззах ва Наманган вилоятларидаги амалий ҳаракатларни ўрганиш мақсадида ишчи учрашув ўтказди.
Самарқанд вилоятидаги Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказида бўлиб ўтган учрашувда марказ раҳбари М.Азамова лойиҳа доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди. Хусусан, тазйиқ ва зўравонликка учраган аёллар учун нон ва нон маҳсулотлари тайёрлаш бўйича ўқув курслари ташкил этилгани қайд этилди. Бундан ташқари, ўқув курсларини ўтказиш учун малакали мутахассислар жалб қилинган ва жараёнлар мониторинг қилинган.
Учрашув давомида ҳаракатлар режасининг амалга ошириш жараёнидаги ютуқлар ва мавжуд муаммолар муҳокама қилинди. Якуний ҳисобот шакллари юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди.
Марказ мутахассислари мазкур лойиҳанинг тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларини барвақт олдини олиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқларини таъминлаш ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватланишидаги муҳим аҳамиятини таъкидлаб ўтишди.
Ушбу фаолият гендер тенглиги йўлидаги муҳим қадам сифатида қайд этилмоқда.