Тошкентда эркак хотинига нисбатан зўравонлик қилиши бўйича жиноят иши қўзғатилди

Улашиш:

Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятида 22 ёшли келиннинг овсини, қайнонаси ва эри томонидан калтаклангани, натижада оғир аҳволга тушиб қолгани ҳақида хабарлар тарқалди. Вилоят Ички ишлар бош бошқармаси матбуот котиби Бобур Тўлаганов ушбу ҳолат юзасидан изоҳ берди.

Маълум қилинишича, 16 январь куни Тошкент вилояти Оққўрғон туманида оилавий жанжал содир бўлган. 1988 йилда туғилган К.Г. оилавий келишмовчилик оқибатида 2001 йилда туғилган турмуш ўртоғи Ш.У.га тан жароҳати етказган. Жабрланувчи тиббий ёрдам учун Чиноз тумани тиббиёт бўлимига мурожаат қилган.

К.Г. процессуал тартибда ушланиб, унга нисбатан Жиноят кодексининг 126¹-моддаси (оилавий-маиший зўравонлик) бўйича жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов жараёнлари давом этмоқда, жабрланувчининг жароҳатлари бўйича суд-тиббиёт экспертизаси тайинланган.

Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси ҳолатни қатъий назоратга олган бўлиб, тергов якунлари бўйича қўшимча маълумот тақдим этилиши маълум қилинди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилояти Ургут туманида хотинини болалари олдида белкурак билан калтаклаган эркак 3 йил муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.