Сўм охирги йилларда учинчи марта қулади. Аввалги қулашлар қандай содир бўлган эди?

Улашиш:

Марказий банк хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан 17 мартда амалда бўладиган қийматини белгилади. Унга кўра доллар сўмга нисбатан 180 сўмга ошди. Бу 2020 йил апрель ойидан бери энг баланд кўтарилиш бўлди.

9 мартдан буён доллар сўмга нисбатан мунтазам равишда ошиб келмоқда. Бу давр ичида доллар 10 897 сўмдан 11 330 сўмга кўтарилиб, 433 сўмга ошди. 

Аввалги йилларда нима бўлган эди?

Сўмнинг қулаши одатда ҳар йили содир бўлади. Бироқ 2021 йилда бундай қулаш юз бермаган эди. Шу сабабли ҳам ўтган йили сўм бор-йўғи 3,4 фоиз қадрсизланди. Одатда бу кўрсаткич 10 фоиз атрофида бўлади. 

2019 йил

2019 йилда август ойида долларнинг сўмга нисбатан қиймати икки ҳафтада 680 сўмга ошган эди. Бу валюта либераллашувидан кейин сўмнинг энг биринчи қулаши эди. Августда сўм шунчалик қадрсизланиб кетган эдики, Марказий банк нақд валютани сотиб олишга рухсат берганди. 

Ўзбекистонда 2019 йилнинг тўққиз ойи давомида миллий валютанинг чет эл валютасига нисбатан курси ички валюта бозорида мавжуд талаб ва таклифдан келиб чиқиб 13 фоизга пасайган эди. Ушбу давр мобайнида валюта курсининг минимал ва максимал кўрсаткичи бир доллар учун мос равишда 8 334 сўм ва 9 457 сўмни ташкил этган. Биргина август ойининг ўзида сўмнинг долларга нисбатан қиймати 8 666 сўмдан 9 384 сўмгача ошган. 

2020 йил

2020 йил апрель ойида сўм долларга нисбатан бирданига 428 сўмга тушиб кетган эди. Ўша йили апрель ойининг сўнгги ўн кунлигида жисмоний шахслар томонидан банкларга сотилган валюта маблағларининг кунлик ўртача ҳажми 2,5 баробар ўсиб, 9,6 миллион долларга етган. Бу эса ўз навбатида долларнинг кўтарилишига олиб келган. 

Ўша вақтда ички валюта бозорида чет эл валютасини харид қилган компанияларнинг ўртача ойлик сони 6 183 тани ташкил этиб, 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 723 тага кўпайган эди.

2021 йил

2021 йил сўм учун охирги йиллардаги энг яхшиси бўлди. Ўтган йилда бошқа мамлакатлар билан олиб бориладиган савдо-сотиқ ишларининг ўсиши кузатилиб, экспорт ҳажми (олтин экспортидан ташқари) 2020 йилга нисбатан 34 фоиз кўпроқ натижани кўрсатиб, 11,6 млрд долларга етди.

Бундан ташқари, ўтган йили банкларга валюта операцияларини тўғридан-тўғри компаниялар билан амалга оширишга рухсат берилди.

2021 йил мобайнида Ўзбекистон аҳолиси томонидан сотилган чет эл валютаси 7,1 млрд долларни ташкил қилган бўлса, харид қилинган чет эл валюталари миқдори 4,6 млрд долларни кўрсатган. Биринчи кўрсаткич 1,5 баробарга, иккинчиси эса – 12 фоизга ўсгани белгиланди.

Ўтган йилларда сўмнинг қулаши ташқи омилларнинг таъсирини ёпди ва миллий иқтисодиётнинг ўзгарувчан ташқи шароитларга мослашишига ёрдам берган эди.

Аввалроқ Ўзбекистонда доллар курси қандай қилиб шаклланиши ҳақида хабар берилган эди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.