Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган пировард мақсад – маъмурий янгиланишлар яратишдан эмас, одамларни рози қилиш, уларнинг турмушини осонлаштириш, бюрократик тўсиқларни олиб ташлаш ва тўлов жараёнларида инсон иштирокини имкон қадар камайтириш орқали ижтимоий, ҳуқуқий ҳимояланган ва ривожланган давлат барпо қилишдан иборатдир.
Ана шундай ислоҳотлардан бири – кўрсатилиши назарда тутилган барча ижтимоий хизмат, имтиёз ва ёрдамларни ўзида мужассам этиб, аҳолининг турмуш тарзини янада осонлаштиришга хизмат қиладиган «Ижтимоий карта» тизимининг жорий этилиши бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 18.07.2024 йилдаги ПҚ-267, Вазирлар Маҳкамасининг 27.12.2024 йилдаги ВМҚ 897-сонли Қарорлари асосида ижтимоий карта тажриба-синов босқичида Тошкент шаҳар ва Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида жорий этилди ҳамда ушбу ҳудудларда 2024 йил 1 декабрдан бошлаб қуйидаги тўловлар ижтимоий карта орқали тўлаб берилиши йўлга қўйилди: кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси ва моддий ёрдам, ёшга доир ва ногиронлик нафақалари, ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган моддий ёрдам, ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларга ногиронлик нафақаси, ногиронлиги бўлган болаларни парваришлаётган оналар учун нафақа, протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари хариди учун воучер, боқувчисини йўқотганлик нафақасини тўлаш.
Юқоридаги қарорга асосан, 15 тоифадаги шахсларга — Камбағал оилалар ва «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» АТ орқали кам таъминланган деб эътироф этилган оилалар, кўп болали оилаларнинг аъзолари, ногиронлиги бўлган шахслар, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ва ёлғиз кексалар ҳамда уларнинг парвариши билан банд бўлган шахслар, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, васийлар (ҳомийлар), тутинган ота-оналар, муомалага лаёқатсиз ва муомала лаёқати чекланган шахслар, уларнинг қонуний вакиллари, пенсионерлар, давлат буджети ҳисобидан стипендия тўланаётган талабалар ва ўқувчилар (тингловчилар), шаҳар йўловчи транспортидан (таксидан ташқари) бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлганларга ижтимоий карта бепул берилади.
Бунда карталар уч иш кунида берилади ҳамда унинг амал қилиш муддати тугашидан олдин карталар яроқсиз ҳолга келса ёки йўқотилса, пулли асосда алмаштириб берилади. Виртуал карталар эса барча фуқароларга бепул тақдим этилади ва уларни мобил илова орқали реал вақт режимида олиш мумкин бўлади.
Имтиёзга эга бўлмаганлардан ижтимоий карта олишда банк хизматлари учун БҲМнинг 10 % (37,5 минг сўм) миқдорида тўлов ундирилади.
Ёрдамга муҳтож шахсларга Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан карталар 15 кун ичида бепул етказиб берилади.
Айни пайтда, ижтимоий карта Visa халқаро тўлов тизимида, иккита банк ─ Халқ банки ва Алоқабанк орқали эмиссия қилинмоқда.
Банк картаси шаклидаги ижтимоий карта: халқаро стандартларга мос келадиган босиб чиқариш ва ҳимоя усулларидан фойдаланган ҳолда бардошли ва хавфсиз материаллардан тайёрланади, эгаси ҳақида киритилган маълумотларга эга электрон восита (чип) мавжуд бўлади.
Ижтимоий карта NFC - қисқа масофали симсиз маълумотларни узатиш технологиясини ўз ичига олади ва қатъий ҳисобдаги ҳужжат ҳисобланади.
Барча фуқаролар учун дастлаб электрон ижтимоий карта муомалага чиқарилади, банк картаси шаклидаги ижтимоий карта фуқароларнинг хоҳишига кўра муомалага чиқарилади ва фойдаланиш учун тақдим этилади.
Ижтимоий картани муомалага чиқариш ва фойдаланиш учун ЯИДХП (my.gov.uz), «Ижтимоий карта» мобил иловаси, молиявий агент (банклар), «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари ҳамда алоҳида ҳолларда ижтимоий ходимлар орқали мурожаат қилинади.
Ижтимоий карта амалиётда банк картаси, транспорт картаси, ногиронлик тўғрисидаги гувоҳнома, талабалик гувоҳномаси, пенсия, ўқувчилик, уруш қатнашчиси, уруш қатнашчисига тенглаштирилган шахснинг гувоҳномаси вазифасини бажаради. Шунингдек, шахсни аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларининг бир ёки бир нечта тоифасига мансублигини кўрсатади ва қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа вазифаларни бажаради.
Ижтимоий карта Ўзбекистон Республикаси фуқароларига 5 йил муддатга фойдаланишга берилади.
Чет эл фуқаролари ва Ўзбекистон Республикасида доимий рўйхатга олинган фуқаролиги бўлмаган шахсларга ижтимоий карта уларнинг ID карталари ва миллий паспортларининг, шунингдек, фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ID карталари амал қилиш муддатидан ошмайдиган муддатга берилади.
Мазкур карта автобус ва метрода бепул юриш, электр, газ ва ўқиш харажатига компенсация олиш имкониятларни беради, нафақа ва ёрдам пуллари ҳам шу картага тушади, шу тариқа ягона ижтимоий карта 10 дан ортиқ ҳужжатлар ўрнини босади.
2025 йил 1 июлдан бошлаб ижтимоий карта босқичма-босқич республиканинг барча ҳудудларига жорий этилади, картада 72 турдаги ижтимоий хизматлар, 76 турдаги ёрдам ва 200 га яқин имтиёз ягона электрон тизимга умумлаштирилади.
2027 йил 1 январдан бошлаб ижтимоий тўловлар фуқароларнинг фақатгина ижтимоий карталарига ўтказилади.
Ижтимоий инспекция Жиззах
вилоят бошқармаси бошлиғи Б.МАХСУДОВ