Тошкент вилоятидаги Салар каналидан 41 ёшли аёлнинг жасади топилди. У аввалроқ UzAlert қидирув гуруҳи томонидан қидирилаётгани ҳақида хабар берилган эди.
Бош прокуратуранинг маълум қилишича, аёл 1 февраль куни пойтахтнинг Яккасарой туманидаги уйидан чиқиб кетган ва шундан сўнг бедарак йўқолган. Қариндошлари уни топиш учун UzAlert қидирув-қутқарув отрядига мурожаат қилган. Орадан беш кун ўтиб, унинг жасади Зангиота туманидаги Салар каналидан топилган.
Марҳума II гуруҳ ногирони бўлиб, 2000 йилдан буён руҳий-асаб касалликлари диспансерида рўйхатда тургани маълум қилинди.
Ҳозирда ўлим сабабларини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.