Самарқандда автобус ЙТҲси: расмийлар жабрланганлар ҳақидаги маълумотларни яширдими?

Улашиш:

Самарқанд вилояти Жомбой туманида 11 февраль куни юз берган йўл-транспорт ҳодисасида жабрланганлар ҳақида ҳуқуқ-тартибот идоралари тўлиқ маълумот тақдим этмаган. Дастлаб фақат 68 ёшли эркак вафот этгани ҳақида расмий хабар берилган бўлса, кейинчалик яна бир аёл ҳалок бўлгани ва 22 киши жароҳат олгани маълум бўлди.

Миллий телеканали маълумотларига кўра, туман шифохонаси бош шифокори Тозагул Холиқова жабрланганларнинг ҳақиқий сонини тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, шифохонага жами 23 нафар йўловчи олиб келинган бўлиб, улардан бири вафот этган, иккита аёл оғир аҳволда жонлантириш бўлимига ётқизилган, 16 киши эса жарроҳлик бўлимида даволанмоқда.

ЙҲХБ маълумотларига кўра, автобус катта тезликда ҳаракатланган, сўнг кескин тормоз бериб, Cobalt автомобили билан тўқнашган ва ағдарилган. Аммо ҳуқуқ-тартибот идоралари фақат бир киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар бериб, у шахснинг айнан қаерда бўлгани – автобусда ёки енгил машинада – ҳақида аниқлик киритмаган.

Мазкур ҳолат жамоатчиликда шубҳалар уйғотди. Жабрланганлар ҳақидаги маълумотнинг кеч ошкор қилиниши ва расмий идораларнинг сукут сақлаши матбуот ва аҳолининг эътирозларига сабаб бўлди.

Ҳодиса бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ишлари олиб борилмоқда. Ҳуқуқ-тартибот идораларининг аслида нега тўлиқ маълумотни ошкор қилмагани ҳозирча номаълум.

Шунингдек, бугун Бухоро вилоятида газдан заҳарланиш билан боғлиқ ҳолат юзасидан ҳам расмий идоралар аввал маълумот бермаган, оммавий ахборот воситаларида хабар тарқалганидан кейингина расмий баёнот эълон қилинган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.