Ўзбекистонда уй-жой қурилиши кечиккан қурилиш компанияларига жарималар жорий этилди

Улашиш:

Ўзбекистонда 2024 йилдан бошлаб уй-жой қурилиши соҳасида фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қурилиш компанияларининг масъулиятини ошириш мақсадида янги чоралар кучга кирди. Эндиликда объектни белгиланган муддатда топширмаган қурувчиларга жарималар қўлланади.

Марказий банк бошқармаси бошлиғи Нодир Комиловнинг маълум қилишича, янги тизим қурилиш соҳасида шаффофликни ошириш ва инвесторларнинг маблағларини ҳимоя қилишга қаратилган.

Эскроу-ҳисоблар ва шаффоф механизмлар
Президент фармонига кўра, эндиликда уй-жой қурилиши учун фуқаролар томонидан ажратилган маблағлар тўғридан-тўғри қурувчиларга берилмайди. Улар махсус эскроу-ҳисобларда сақланади ва қурилиш босқичлари бўйича ажратилади. Қурилиш тугалланмагунча, қурувчилар бу маблағларни бошқа мақсадларда ишлата олмайди. Агар қурилиш белгиланган муддатда якунланмаса, банк маблағларни улушли қурилиш иштирокчиларига қайтариши мумкин.

Қурилиш кечикса – жарима!
Янги тартибга кўра, қурилиш компаниялари объектни белгиланган муддатда топширмаса, ҳар бир кунлик кечикиш учун жарима тўлайди. Агар қурилиш муддатини узайтириш зарур бўлса, бу фақат улушли қурилиш иштирокчилари розилиги ва қўшимча келишув асосида амалга оширилади.

Shaffof Qurilish тизимида рўйхатдан ўтиш шарт
Улушли қурилиш доирасида барпо этилаётган барча объектлар Shaffof Qurilish платформасида рўйхатдан ўтиши шарт. Рўйхатдан ўтмаган объектларни сотиш мумкин бўлмайди.

Қурилиш кредитлари ва инвестиция механизми
Банклар қурилиш компанияларига мақсадли кредитларни улар ўз лойиҳасига камида 30% шахсий маблағ киритганидан кейингина ажрата олади. Шунингдек, кредит ставкалари миқдори эскроу-ҳисоблардаги маблағ миқдорига боғлиқ бўлади – қанчалик кўп маблағ йиғилса, кредит ставкалари шунчалик паст бўлади.

2026 йилдан фақат эскроу-ҳисоблар орқали улушли қурилиш амалга оширилади
Жорий йилнинг 1 июлидан 31 декабригача фуқаролар уй-жой сотиб олишда икки механизмни танлаш имкониятига эга бўладилар: эскроу-ҳисоблар ёки анъанавий улушли қурилиш механизми. Бироқ, 2026 йил 1 январдан бошлаб улушли қурилиш бўйича барча операциялар фақат эскроу-ҳисоблар орқали амалга оширилади.

Янги қоидалар уй-жой бозорига қандай таъсир қилади?
Мутахассисларнинг фикрича, янги тизим қурилиш соҳасида шаффофликни ошириш ва фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим қадам бўлади. Шу билан бирга, қурилиш компаниялари учун молиявий интизом кучайиб, ноқонуний схемаларга йўл қўйилмаслигига эришилади.

Бундан ташқари, эндиликда ипотека ва уй-жой субсидияларини қурилиш якунланишидан олдин ҳам олиш мумкин бўлади, бу эса кўплаб фуқаролар учун қулайлик яратади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.