Ёшлар учун иш ўринлари: Солиқ имтиёзлари тадбиркорларни рағбатлантиради

Улашиш:

Ўзбекистонда ёшларни иш билан таъминлаган тадбиркорларга солиқ юки енгиллаштирилмоқда. Эндиликда ойлик иш ҳақи 3 миллион сўмдан кам бўлмаган ёш ходимларни ишга олган тадбиркорлар ижтимоий солиқни 1 фоизлик ставкада тўлайди.

Ушбу имтиёз хизмат кўрсатиш соҳасидаги корхоналарга татбиқ этилиб, уч йил давомида амал қилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Кўксарой қароргоҳида ёшлар билан учрашувда маълум қилди.

Шунингдек, президент "Ёшлар дафтари" тизимини ислоҳ қилиш зарурлигини таъкидлаб, ёшлар учун ижтимоий пакетларни қайта кўриб чиқиш ва уларнинг самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар тайёрлашни мутасаддиларга топширди.

Қайд этиш жоизки, жорий йил бошидан камбағал оилалар реестридаги шахсларни ишга олган иш берувчилар учун ҳам ижтимоий солиқ 1 фоиз этиб белгиланган. Айни пайтда умумий ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоизни ташкил этади.

Янги солиқ имтиёзлари ёшларнинг иш билан бандлигини оширишга ва тадбиркорларни уларни ишга жалб қилишга рағбатлантириши кутилмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.