Ўзбекистонда ёпиқ суд мажлислари маълумотларини ошкор қилиш учун жиноий жавобгарлик жорий этилиши мумкин

Улашиш:

Ўзбекистонда ёпиқ суд мажлислари маълумотларини ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Президент Администрацияси топшириғига асосан тайёрланган ушбу ҳужжат Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

Олий суд раиси ўринбосари Шуҳрат Полвоновнинг маълум қилишича, ҳозирги қонунчиликда ёпиқ суд жараёнларидан олинган маълумотларни ошкор қилиш учун алоҳида жавобгарлик белгиланмаган. Ҳозирда Жиноят кодексининг 239-моддаси тергов маълумотларини ошкор қилганлик учун жавобгарликни назарда тутади, аммо ёпиқ суд мажлисларига тааллуқли қоидалар мавжуд эмас.

Турли мамлакатларда ёпиқ суд маълумотларини ошкор қилиш учун турли даражадаги жазо чоралари қўлланилади. Масалан, Сингапурда бунинг учун 5 минг долларгача жарима ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш белгиланган, Қозоғистонда эса БҲМнинг 2000 бараваригача жарима ёки 600 соатгача мажбурий жамоат ишлари кўзда тутилган.

Ўзбекистонда ҳам шундай чораларни жорий этиш бўйича қонунчиликка ўзгартиш киритилиши мумкин. Ваколатли органлар томонидан қонун лойиҳаси муҳокамаси давом этмоқда. Қонунчилик палатаси муҳокамаси якунлангандан сўнг, ушбу ташаббус юзасидан қўшимча маълумотлар тақдим этилиши кутилмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.