Kompromatuzb иши: Хуршид Далиев ва Сиёвуш Ҳошимов 7 йилга қамалди

Улашиш:

Kompromatuzb Telegram каналига алоқадор журналистлар — Human.uz директори Хуршид Далиев ва «Ўзбекнефтгаз» собиқ матбуот котиби Сиёвуш Ҳошимов 7 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Бандлик вазирлигининг собиқ матбуот котиби Мавжуда Мирзаевага эса 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

26 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида Хуршид Далиев (1984 йилда Андижон вилоятида туғилган), Сиёвуш Ҳошимов (1983 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган), Аҳмадулло Аҳмаджонов (2004 йилда Андижон вилоятида туғилган) ва Мавжуда Мирзаева (аёл, 1973 йилда Андижон вилоятида туғилган) га оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича ёпиқ суд жараёни тугаб, суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар қилди.

Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг раиси Т. Обидов раислигида биринчи инстанция судида кўриб чиқилди.

Эълон қилинган суд ҳукмига кўра:

Хуршид Далиев Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси (реабилитация учун асослар) 1-бандига асосан жиноят ишининг айрим эпизодлари бўйича Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 2-қисми ва 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбсиз деб топилиб, реабилитация этилди (оқланди).

Хуршид Далиев Жиноят кодексининг 139-моддаси 2-қисми, 165-моддаси 3-қисми «а» банди, 184-моддаси (солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш) 3-қисми ва 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли топилиб, унга Жиноят кодексининг 59 (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) ва 61 (жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари) моддалари тартибида 3 йилга оммавий ахборот воситаларида ишлаш ҳамда журналистика ва блогерлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравари миқдорида жарима ва 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланди. Тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси умумий тартибли колонияларда ўтаттирилиши белгиланди.

Сиёвуш Ҳошимов Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 1-бандига асосан жиноят ишининг айрим эпизодлари бўйича Жиноят кодексининг 139-моддаси 2-қисми ва 165-моддаси 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбсиз деб топилиб, реабилитация этилди (оқланди).

Сиёвуш Ҳошимов Жиноят кодексининг 139-моддаси 2-қисми, 165-моддаси 3-қисми «а» банди ва 243-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли топилиб, унга Жиноят кодексининг 59 ва 61-моддалари тартибида 3 йилга оммавий ахборот воситаларида ишлаш ҳамда журналистика ва блогерлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси умумий тартибли колонияларда ўттатирилиши белгиланди.

Аҳмадулло Аҳмаджонов Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 1-бандига асосан Жиноят кодексининг 139-моддаси 2-қисми ва жиноят ишининг айрим эпизодлари бўйича 165-моддаси 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбсиз деб топилиб, реабилитация этилди (оқланди). Унга нисбатан 165-моддаси 3-қисми «а» банди бўйича эълон қилинган айбловнинг қолган эпизодлари Жиноят кодексининг 241-моддаси (жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш) 1-қисмига қайта малакаланди. Шу тариқа Аҳмадулло Аҳмаджонов Жиноят кодексининг 241-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли топилиб, унга 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Мавжуда Мирзаева Жиноят кодексининг 113-моддаси 4-қисми ва 165-моддаси 2-қисми «а», «в» бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли топилиб, унга Жиноят кодексининг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш)ни қўллаб, 59-моддаси тартибида 3 йилга оммавий ахборот воситаларида ишлаш ҳамда журналистика ва блогерлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Шу билан бирга жиноят иши доирасида жабрланувчиларга етказилган моддий зарарни судланувчилардан солидар тартибда ундириш белгиланди.

«Мазкур ҳукмдан норози тарафлар Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясига процессуал қонунчиликда белгиланган тартиб ва муддатларда шикоятлар беришга, прокурор эса протест билдиришга ҳақли эканлиги маълум қилинади», — дейилади хабарда.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.