Суд Telegram-каналига алоқадорликда гумон қилинаётган журналистларга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқишни 18 июль кунига тайинлади. Жабрланганлар ва даъвогарлар орасида Меҳнат вазирлигининг собиқ раҳбари Нозим Ҳусанов, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ҳибсдаги собиқ раҳбари ва бошқалар бор.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман суди мансабдор шахсларга қарши компроматлар эълон қилинган ёки эълон қилиниши мумкинлиги ҳақида хабар берган Kompromatuzb Telegram каналига алоқадорлиги айтилаётган журналистларга нисбатан жиноят иши бўйича суд жараёнини 18 июль кунига тайинлади. Мажлис ҳақидаги маълумотлар Олий суд порталида эълон қилинди.
Январь ойи охирида ҳуқуқ-тартибот идоралари Human.uz сайти директори Хуршид Далиев ва бош муҳаррири Муслим Мирзажоновни ушлаган эди. Кейинроқ Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг собиқ матбуот котиби Мавжуда Мирзаева ва «Ўзбекнефтгаз» матбуот котиби Сиёвуш Ҳошимов ҳам қўлга олинди. Шунингдек, ушбу ишга фуқаро Аҳмадулло Аҳмаджоновнинг ҳам алоқаси борлиги айтилмоқда.
Олий суд маълумотларига кўра, Хуршид Далиевга (1984 й.т.) нисбатан Жиноят кодексининг 139-модда 2-қисми (Туҳмат), 165-модда 3-қисми а-банди 3-қисми а-банди (Товламачилик), 184-модда 3-қисми (Солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш), 243-модда (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) моддалари бўйича айбловлар эълон қилинган.
Сиёвуш Хошимов (1983) ЖКнинг 139-модда 2-қисми (Туҳмат), 165-модда 3-қисми а-банди 3-қисми а-банди (Товламачилик), 243-модда (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) моддалари билан айбланмоқда.
Мавжуда Мирзаева (1973) эса ЖКнинг 113-модда 4-қисми (Таносил ёки ОИВ касаллиги/ОИТСни тарқатиш), 165-модда 2-қисми а-банди б-банди в-банди (Товламачилик) моддаларида кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда гумонланмоқда.
Айблов хулосасига кўра, ушбу ишда 19 нафар жабрланувчи ва 10 нафар фуқаровий даъвогар иштирок этиб, 5 млрд 140 млн сўмлик зарар етказилган. Улар орасида собиқ бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ҳамда бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирининг собиқ биринчи ўринбосари Нозим Хусанов (апрель ойида лавозимидан кетган), март ойида ҳибсга олинган Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги собиқ директори Афзал Эрматов, Давлат ветеринария ва чорвачилик қўмитаси ҳузуридаги «Ўзбекчорванасл» агентлиги бош директори Бахтиёр Отамуродов, Самарқанд вилояти ҳокими матбуот котиби Манучеҳр Мирзаев, Бухоро муҳандислик-технология институти илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Мирзо Шарипов, CIBGROUP компанияси директорлари Уйғун Турсунхўжаев ва бошқалар бор.