2025 йил 5 майда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг қонунига (ЎРҚ-1061-сон) мувофиқ, аҳолининг дам олиши ва маданий-маиший эҳтиёжлари учун мўлжалланган ер участкаларини хусусийлаштиришга қатъий тақиқ жорий этилди.
Қонунга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга асосан:
Давлат мулкида бўлган дам олиш ва маданий фаолият учун ажратилган ерларни хусусий шахсларга бериш, бошқа шахсларга ўтказиш ёки ҳар қандай шаклда бегоналаштириш ман этилди;
Ушбу ерларда янги бинолар ёки иншоотлар қуриш, мавжуд бино-иншоотларни кенгайтириш ёки ер майдонини қисқартириш мумкин эмас;
Ердан фойдаланиш тартибини бузган ҳолда мазкур талабларга зид ҳаракат қилган шахслар жиноий жавобгарликка тортилади.
Шунингдек, ер участкаларидан фойдаланиш турлари — асосий, шартли рухсат этилган ва ёрдамчи фойдаланиш турлари деб таснифланиб, улар учун аниқ ҳуқуқий мезонлар белгиланди.
Қонунда яна бир муҳим жиҳат сифатида ботаника боғлари муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар қаторига киритилди. Бундай ҳудудларда ўсимлик дунёсига зарар етказиши мумкин бўлган ҳар қандай фаолият қатъиян тақиқланди.