Жиззахда тадбиркорлар билан очиқ мулоқотлар: солиқ органлари муаммоларни жойида ўрганмоқда

Улашиш:

Жиззах вилоятида тадбиркорликни ривожлантириш, мавжуд муаммоларни тўғридан-тўғри ўрганиш ва ҳал этиш мақсадида солиқ органлари иштирокида очиқ мулоқотлар ташкил этилмоқда. Солиқ тизимидаги ислоҳотлар доирасида вилоят солиқ бошқармаси раҳбарияти турли туманларда тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказмоқда.

Шундай учрашувлардан бири Зарбдор туманида бўлиб ўтди. Унда Жиззах вилоят солиқ бошқармаси ҳамда Зарбдор тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида кичик ва ўрта бизнес вакиллари иштирок этди. Мулоқот давомида тадбиркорларга солиқ қонунчилигидаги ўзгаришлар, жумладан паррандачилик соҳаси корхоналари учун белгиланган имтиёзлар ҳақида маълумот берилди.

Маълумот учун, 2025–2030 йиллар давомида паррандачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар ер солиғидан озод этилди. Бунинг ижросини таъминлаш мақсадида “Зарбдор Парранда” масъулияти чекланган жамияти фаолияти жойида ўрганилди. Корхона раҳбари Рустам Усмонов маълум қилишича, умумий қиймати 2 миллион доллар бўлган лойиҳа орқали гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, маҳаллий бозорга етказиб берилмоқда. Шунингдек, янги иш ўринлари яратилган.

Мулоқотда тадбиркорлар ўзларини қийнаётган масалаларни баён қилишди ва уларга аниқ маслаҳатлар берилди. Айрим муаммолар қонунчилик ташаббуси даражасида кўриб чиқилиши маълум қилинди.

Бунга қадар Жиззах шаҳри, Арнасой, Дўстлик ва Ғаллаорол туманларида ҳам шунга ўхшаш учрашувлар ўтказилган. Улар давомида аниқланган муаммоларни ҳал этиш юзасидан тегишли чоралар кўрилмоқда.

Учрашув якунида фаол тадбиркорлар турли номинациялар бўйича тақдирланди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.