Сенатнинг 7-ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди. Янги нормаларга кўра, ижтимоий аҳамияти йўқотган ва амалда деярли кузатилмаётган айрим қилмишлар учун маъмурий жавобгарлик бекор қилинмоқда.
Қонунга киритилган ўзгартиришлар асосида қуйидаги моддаларда белгиланган ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик бартараф этилди:
73-модда – кема ҳужжатларида зарарли моддалар ҳақидаги маълумотларни киритмаслик (2019–2023 йилнинг биринчи ярмида бирорта ҳолат аниқланмаган);
141-модда – шахсий бойлик орттириш мақсадида транспорт воситаларидан фойдаланиш (сўнгги икки йилда ҳеч қандай ҳолат қайд этилмаган);
151-модданинг 1-қисми – рухсатсиз радиоузаткич қурилмалардан фойдаланиш;
156-модда – автомат телефонларни шикастлаш.
Бундан ташқари, тамаки маҳсулотини белгиланмаган жойларда истеъмол қилиш каби қилмишлар учун жавобгарлик бир нечта моддаларда эмас, алоҳида — 56/1-моддада тўпланган ҳолда белгиланмоқда. Шу тариқа, тартибга солишдаги такрорийликлар бартараф этилди.
Янги қонунга кўра, айрим маъмурий ишларни кўриб чиқиш учун фуқароларнинг аризаси мавжуд бўлиши шарт қилиб белгиланди.
Мазкур ташаббуслар Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастури доирасида амалга оширилмоқда ва қонунчиликни мукаммаллаштириш, ҳуқуқий тизимни соддалаштиришга хизмат қилади.