САМАРҚАНД — Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги олий даражадаги музокаралар якунида Самарқанд шаҳридаги кўчалардан бирига Рим номи берилди. Ушбу қарор халқаро Конгресс-марказида ўтказилган тантанали маросимда эълон қилинди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маросимда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, бу ташаббус икки мамлакат ўртасидаги чуқур тарихий ва маданий алоқалар, дўстона муносабатлар, ҳамкорлик ва ўзаро ҳурмат рамзи сифатида қабул қилинганини таъкидлади.
“Бу қарор — стратегик шериклик муносабатларимиздаги юксак даражанинг ёрқин ифодасидир,” — деди Президент.
Мазкур ташаббус Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги муносабатларнинг янги босқичга чиққанига ишорадир. Музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев ва Италия Республикаси Бош вазири Жоржия Мелони ўртасида стратегик шерикликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги қўшма декларация имзоланди.
Шунингдек, Президент Мирзиёев Италия Бош вазирига сиёсий тафаккур тарихи билан машҳур бўлган олим Никколо Макиавеллининг “Ҳукмдор” асарининг ўзбек тилидаги нашрини совға қилди.
Эслатма:
Жорий йил март ойида Франциядаги расмий ташриф доирасида Париждаги кўчалардан бирига Самарқанд номи берилган эди. Энди эса, Самарқанд шаҳрида Рим номи билан аталувчи кўча пайдо бўлди — бу ўзаро дўстлик ва маданий ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлайдиган янги рамз ҳисобланади.