Барчамизга маълумки, икки кундан сўнг Самарқанд шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг саммити бўлиб ўтади. Мазкур сиёсий тадбир нафақат ушбу хафтанинг балки бу йилнинг сиёсий аҳамиятга эга тадбири ҳисобланади.
Алоҳида таъкидлаб ўтиш зарур, сўнгги 5 йил мобайнида Ўзбекистон Президенти томонидан ШҲТ саммитларида сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, инновация ва бошқа соҳалар бўйича ҳамкорлик самарадорлигига оид 54 та ташаббус билдирилган.
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти 2001-йил 15-июнда Шанхай шаҳрида Ўзбекистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон имзолаган ШҲТни ташкил этиш тўғрисидаги декларация асосида тузилганлигини маълумот ўрнида айтиб ўтишни жоиз билдим. Ўзаро ишонч, дўстлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш, сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий-гуманитар, энергетика, транспорт ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш, ўзи қамраган минтақада тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш ташкилотнинг асосий мақсад ва вазифалари этиб белгиланган.
ШҲТ Хартиясида аъзо давлатлар мустақиллик, ҳудудий яхлитлик ва чегаралар дахлсизлигини ҳурмат қилиш, тенг ҳуқуқлилик, ўзаро англашув ва фикрларни инобатга олиш, ички ишларига аралашмаслик, халқаро муносабатларда куч ишлатмаслик ва келишмовчиликларни тинч йўл билан ҳал этиш тамойилларига амал қилиши алоҳида қайд этилган.
Куни кеча Президентимиз Шавкат Миромоновичнинг Саммит олдидан фикр-мулоҳаза ва таҳлилларини ўз ичига олган дастурий мақоласи эълон қилинди.
Мазкур мақолада ҳам Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг турли блоклардан холи мақомга эга экани, очиқлик, учинчи мамлакатлар ёки халқаро ташкилотларга қарши қаратилмагани, барча иштирокчи томонларнинг тенглиги ва суверенитетини ҳурмат қилиш, ички ишларга аралашмаслик, сиёсий қарама-қаршилик ва ихтилофли рақибликка йўл қўймаслик тамойилларига қурилганлиги ушбу ташкилотнинг жозибадорлигини ортиши учун хизмат қилаётганлигини қайд этиб ўтган.
Шубҳасиз учрашувнинг муҳим жиҳатларидан бири бўлиши кутилаётган воқеа бу ташкилотнинг кенгайиши билан боғлиқ жиҳат. Бунда Эроннинг мажбуриятлари бўйича Меморандум имзоланиши кутилмоқда. Мазкур хужжат Эронга ШҲТга аъзо давлат мақомини тақдим этиш масаласини ҳал қилиш учун асос бўлиб хизмат қилади. Яъни, Эрон томони 2023 йилги саммитда, агар у барча мажбуриятларини бажарса, ташкилотга тўлиқ аъзо сифатида қўшилиш имкониятига эга бўлади.
Ҳиндистон ва Покистон мазкур ташкилотга аъзо бўлганда айрим экспертлар ушбу ташкилотнинг инқирозга урашини таҳмин қилишган эди бироқ бундай бўлмайди аксинча ташкилот янада фаоллашиб, давлатлар ўртасидаги икки ва кўп тарафлама ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланди.
Бугунги кунда ҳам маълум экспертлар Эроннинг ташкилотга аъзо бўлишига эҳтиёткорлик билан қарашмоқда. Бироқ биз биламизки, Эрон давлати ҳам савдо-иқтисодий, сиёсий, инсон капитали сингари кўплаб ресурс ва имкониятларга эга. Унинг ташкилотга аъзо бўлишида муҳим қадам вазифасини бажарадиган Меморандим яқин кунда айнан Самарқандда имзоланади.
Эксперт сифатида бир жиҳатни таъкидлаб ўтмоқчи эдим. Барчамизга аёнки бугунги кунда дунёда рўй бераётган глобал ўзгаришлар, сиёсий жараёнлар натижасида давлатлар ўртасида ўзаро ишончга путур етмоқда. Шу билан бирга маълум халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг нуфузи пасаймоқда. Бу маълум маънода халқаро ҳуқуқ нормалари ва принципларига риоя этилмаётганлиги сабаблидир. Шундай вазиятда ШҲТнинг ҳам географик ҳам салоҳият, мазмун жиҳатдан транформация бўлаётганлиги ижобий ҳол деб баҳолаш мумкин.
ШҲТга аъзо давлатларнинг барчаси нафақат географик жиҳатдан қўшниларимиз балки улар бизнинг дўстларимиз ва стратегик ҳамкорларимиз ҳисобланади.
Хулоса ўрнида шуни айтиб ўтмоқчиманки, Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган анжуман тарихий Саммит бўлиб ШҲТ тарихида алоҳида из қолдиради. Шарқона лутф, меҳмондўзлик, очиқюзлик, самимийлик ва бугунги кунда қуёшнинг ёрқин нур таратиб ўзгача кайфият бераётганлиги дўстона алоқаларга ҳам илиқлик, ўзаро ишонч бағишлашига ишонаман.
“Тараққиёт стратегияси” маркази эксперти
Анваржон Миркомилов