Япониялик тадқиқотчилар компьютер хотирасини бошқаришнинг инновацион усулини ишлаб чиқишди. Бу ёндашув хотира қурилмаларининг энергия сарфини камайтириш ва унумдорлигини оширишга ёрдам беради. Мазкур ишнинг натижалари Advanced Materials журналида эълон қилинди.
Маълумки, замонавий маълумот сақлаш қурилмалари маълумотларни қайта ишлашда электр токидан фойдаланади. Бу эса энергиянинг иссиқлик шаклида йўқотилишига олиб келади. Айниқса, сутка бўйи фаолият юритадиган ноутбуклар, смартфонлар ва серверлар учун бу жиддий муаммодир.
Токио Фанлар институти профессори Кеи Сигемацу бошчилигидаги илмий гуруҳ бу муаммони ечиш учун мултиферроик деб аталувчи махсус материалларга мурожаат қилди. Ушбу материаллар электр майдони таъсирида магнит хусусиятларини иситишсиз ўзгартира олади.
Илгари электр майдонининг магнит сигнал билан бир хил йўналишда бўлиши шарт, деган қараш мавжуд эди. Бу эса янги қурилмаларни ишлаб чиқиш имкониятларини чеклар эди. Бироқ, тадқиқотчилар магнит сигнал электр майдонига бурчак остида йўналтирилган ҳолда ҳам хотирани бошқариш мумкинлигини аниқлашди.
Тажрибаларда BiFe₀.₉Co₀.₁O₃ формуласига эга бўлган ноёб материалдан тайёрланган юпқа плёнкалардан фойдаланилди. Олимлар бу технология электродлар ва сенсорларни мослашувчан жойлаштириш имконини берадиган, кейинги авлод хотира қурилмаларида қўлланилиши мумкинлигини кўрсатишди.
“Бизнинг технологиямиз компьютер ва смартфонлар учун энергияни тежайдиган ва кучлироқ хотирани яратишга имкон беради”, деди профессор Сигемацу. “Бу, айниқса, рақамли қурилмалар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган бугунги кунда жуда муҳим.”
Мутахассисларнинг фикрича, ушбу кашфиёт компьютер технологияларини нафақат самарали ва тежамкор, балки экологик жиҳатдан хавфсиз йўналишда ривожлантиришга хизмат қилади.