Буюк Британияда интернетдаги ёлғон хабарлар туфайли мигрантларга қарши тартибсизликлар бошланди. Видео

Улашиш:

Англиянинг Саутпорт шаҳрида учта қиз ўлдирилганидан кейин оммавий тартибсизликлар давом этмоқда. Интернетда қотил мусулмон қочқин эканлиги ҳақида маълумот тарқалган. Шу муносабат билан мамлакатда норозилик намойишлари бошланган:   иштирокчилар мигрантларга қарши шиорлар кўтариб, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан тўқнашмоқда.  

Сабаблари

Оммавий норозиликларнинг сабаби Саутпортдаги фожиа бўлган. 29 июль куни 17 ёшли бола пичоқ билан маҳаллий рақс студиясида болаларга ҳужум қилган. Ҳужум натижасида 11 нафар бола ва уларни ҳимоя қилишга уринган иккита катта киши жабрланган. Кўпчилик жароҳат олган, аксарияти оғир аҳволда. Уч нафар қиз: олти ёшли Биби Кинг, етти ёшли Элси Дот Станкомб ва тўққиз ёшли Элис Дасилва Агиар ҳалок бўлган.

fca344b0-4e85-11ef-b2d2-cdb23d5d7c5b.jpg.webp

Гумонланувчи воқеа жойида ҳибсга олинган. Воқеадан сўнг, ижтимоий тармоқларда қотилнинг келиб чиқиши ва диний эътиқоди ҳақида кўплаб тахминлар пайдо бўлган. Хусусан, ҳужумчи мусулмон қочқин бўлганлиги ҳақида маълумотлар тарқалган. Шу фонда, 30 июль куни кечқурун Саутпортда норозилик намойишлари бошланиб, тартибсизликлар полиция билан тўқнашувларга айланган.

Жиноятчи аслида ким?

Митинглар бошланганидан бир неча кун ўтгач, полиция жиноятчининг исмини ошкор қилган. У Руандадаги насронийлар оиласидан Уэлсда туғилган Аксел Рудакубана бўлиб чиққан. Отаси такси ҳайдовчиси бўлиб ишлаган ва кўп йиллар давомида каратэ билан шуғулланган, эҳтимол бу жанг санъатини гумон қилинувчи ҳам ўрганган. Уларнинг Кардиффдаги собиқ қўшнилари гумонланувчининг ҳибсга олинишидан "ҳайратда қолишганини" айтишган, чунки оила обрўли бўлган. Ҳужумнинг сабаблари ҳақида ҳали ҳеч нарса маълум эмас, аммо ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари террорчилик тахминини чиқариб ташлашган, ўспириннинг радикал гуруҳларга мансублиги тўғрисида ҳали ҳеч қандай далил йўқ.

1231421244.jpg

Қизиғи шундаки, гумонланувчи 2018 йилда муҳтож болалар учун Би-Би-Си ижтимоий хайрия рекламасида суратга тушган, айни пайтда эса видео барча сайтлардан тезда олиб ташланган.

Митингларнинг бошланиши

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг сўзларига кўра, зўравонлик ҳаракатларини ташкил этиш ортида ўльтра ўнг ҳаракат - Англия мудофаа Лигаси турибди. Дастлабки кунларда намойишчилар шаҳар масжиди олдида тўплана бошлашган: оломон тўсиқларни синдириб, бинони тошбўрон қилган, полиция машиналарига ўт қўйган. Вазиятни назорат остига олишга уринган полиция ходимлари намойишчилар билан тўқнашган, ходимларга қарата тош ва шиша идишлар отилган. Натижада 39 полициячи жабрланган, улардан 27 нафари суяк синиши ва мия чайқалиши каби жиддий жароҳатлар билан касалхонага ётқизилган.

  

Маълумот учун. English Defence League (EDL) ўльтра ўнг ҳаракати ислом ва мусулмонларга қарши фаолият олиб боради, исломнинг тарқалишига ва Буюк Британияда масжидларнинг очилишига қарши туради. У 2009 йилда Лондонда ташкил этилган. Ҳаракат раҳбарлари бузғунчи хатти-ҳаракатлари учун бир неча бор қамоққа ташландган.

Намойишлар 31 июль куни ҳам давом этган ва Британиянинг бошқа шаҳарларига тарқалган: Хартлпул, Манчестер ва Алдершотда митинглар бўлиб ўтган. Лондонда Бош вазир қароргоҳи ёнида 100 дан ортиқ тартибсизлик иштирокчилари ҳибсга олинган: улар полициячиларга петарда ташлаб, мигрантларга ва исломга қарши даъват қилишган. Бир нечта ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари жароҳат олган. 

Вақт ўтиши билан ҳаракат тобора хавотирли тус ола бошлаган, мигрантларга ўхшаш ёки ислом динига хос белгилари бўлган кишилар намойишчиларининг ҳужуми остида қолган.

Англиядаги тўрт миллиондан ортиқ мусулмонлар ҳам четдан қараб турмай, патрулларни ташкил қила бошлашган ва кўча тартибсизликларини авж олдирган. Баъзан улар ҳам бегуноҳ кишиларга ҳужум қилишган. Уларга ультра сўл инглизлар ҳам қўшилган.

Мусулмон ва мусулмонларга қарши митинглар Буюк Британиянинг 17 шаҳрида бўлиб ўтмоқда ва вазият ҳали тинчимайдиганга ўхшайди. Айни пайтда, Илон Макс Х (собиқ Twitter)да катта можарони башорат қилиб, "Фуқаролар уруши муқаррар", - деб ёзган.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.