Россия 2025 йилда Марказий Осиё ва қўшни мамлакатлардан меҳнат мигрантлари ва сайёҳлар учун асосий йўналиш бўлиб қолмоқда. Расмий маълумотларга кўра, йил бошидан буён мамлакатга 1,8 миллиондан ортиқ Ўзбекистон фуқароси кириб келган. Уларнинг катта қисми – тахминан 1,3 миллион киши – иш юзасидан келган. Шу билан бирга, 291 минг ўзбекистонлик шахсий ташриф буюрган бўлса, тахминан 1,5 фоизи ўқиш мақсадида Россияга йўл олган.
Ўзбекистондан ташқари Россияга энг кўп ташриф буюрганлар қуйидагича тақсимланган:
Қозоғистон – 1,5 миллион киши;
Тожикистон – 800 мингдан ортиқ;
Хитой – 760 мингдан ортиқ;
Қирғизистон – 500 мингдан зиёд.
Шу тариқа, Россияга ташриф буюрувчилар бешлиги асосан Марказий Осиё мамлакатлари ва Хитой ҳиссасига тўғри келмоқда. Топ-10 таликка Абхазия, Арманистон, Озарбайжон, Беларус ва Мўғулистон фуқаролари ҳам кирган.
Бундан ташқари, Россия Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 2025 йилнинг олти ойида 587,8 мингта миграция қонунчилиги бузилиши ҳолати қайд этилган. Мутахассислар бу кўрсаткич миграция жараёнларини янада қатъий назорат қилиш зарурлигини кўрсатаётганини таъкидламоқда.