Ўзгалар ҳаёти, ёки фуқароликкача бўлган узун йўл

Улашиш:

Қачондир паспортингизни йўқотганмисиз? Агар шундай бўлса, унда тан олаверинг: ҳужжатни йўқотгандаги ҳиссиётлар ёқимли бўлмагани аниқ. Мабодо ундай бўлмаса, шунчаки тасаввур қилайлик: уни энди йўқотдингиз. Кўнгилга ғулғула тушиб, хавотир ҳисси умид билан қоришиб кетади (топилиб қолса-чи?) Устига устак бунга “ёқимли” кутиш машаққати қўшилади — ҳужжатни тиклаш учун зарур манзилга бориш, навбатда туриш, жарима тўлаш керак бўлар…

Афсуски, биз паспорт (бир парча қоғоз ёки бир бўлак пластик)сиз эмин-эркин туғилиб, дарҳол ҳақ-ҳуқуқларимиз чекланадиган дунёда яшаймиз. Масалан, бунда эркин ҳаракатланишни йўқотамиз – на самолёт, на поездга чипта сотиб оламиз. Албатта иш топиш, университетга ҳужжат топшириш, банкдан ҳисоб очтиришда муаммоларга йўлиқамиз… Паспортсиз инсонларга бундан-да кўп имкониятлар эшиги ёпиқ бўлади. Агарда буни ҳазил(мем)га айлантирсак, мана бундай иллюстрация ҳосил бўлади:

Фуқаролиги бўлмаган шахслар аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига киради. Улар худди силга чалинган, меҳнат муҳожирлари, лўли, қашшоқликда кун кечирадиганлардек бўлади.

Энди тасаввур қилинг: паспортингиз йўқ. Кўп йиллардан бери. Ёки умуман бўлмаган. Даҳшатли-а, тўғрими? Қарангки, уч йил аввал дунёда 4 миллиондан ортиқ кимсанинг бирор давлатга тегишли паспорти бўлмаган. Демак, фуқаролиги ҳам. Бундай кишилар Марказий Осиёда ҳам жуда-жуда кўплиги аниқ.

2014 йили БМТ #IBelong кампаниясини бошлади. Дастурга кўра, Марказий Осиёдаги давлатлар 10 йил ичида, яъни 2024 йилнинг охиригача фуқароликсизлик муаммосини тугатиши шарт. Вақт кам қолган бўлса-да, муаммо ҳалигача тўлиқ ечимини топмаган. Шунга қарамай, аниқ натижалар бор (айниқса, Қирғизистонда). Глобал миқёсда #IBelong кампанияси бошлангач, Марказий Осиё давлатлари 190 000 фуқароликсизлик ҳолатларини бартараф этган. 2023 йилнинг сентябрига кўра минтақада 41,400 атрофида фуқаролиги бўлмаган шахслар мавжуд.

ЎЗБЕКИСТОНДА ҲОЛАТ ҚАНДАЙ?

2014 йили Ўзбекистонда 100 минг атрофида фуқаролиги бўлмаган шахслар мавжуд эди. Охирги 9 йилда эса 83,793 кишига янги паспортлар берилган. Булар орасида ўтган асрнинг 90-йиллари Марказий Осиёнинг қўшни республикаларидан қариндошлариникига ёки ишлаш мақсадида келганлар ҳам бор эди. СССР парчалангач иқтисодий инқироз ҳукм сурди. Тожикистондаги фуқаролар уруши (1992—1997) ҳамда кўплаб ўзбеклар истиқомат қилган Қирғизистон жанубидаги миллатлараро низолар (1990 ва 2010-йиллари) сабаб уйларини тарк этишга мажбур бўлган қочқинлар ҳам бор эди. Оммавий тартибсизликлар ва уй-жойларнинг вайрон этилиши уларга ҳамроҳ бўлди. 2010 йили Ўзбекистон ҳудудидаги муваққат бошпанадан 400 минг қочоқ паноҳ топган.

1991 йилдан 2007 йилгача мамлакатда 482 нафар фуқаролиги бўлмаган шахсгина паспорт олган. 2007 йилдан 2016 йилга бўлган муддат оралиғида фуқаролиги бўлмаган шахслар аризасини кўриб чиқиш каррасига қисқарди.

2016 йилнинг декабридан 2021 йилнинг майигача 22 мингдан зиёд фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикасининг биометрик паспортига эга чиқди (2020 йилнинг ўзида 50 минг шахсга берилди). 2021 йилнинг июнида “Фуаролик тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Энди охирги 15 йилдан бери мамлакатда яшайдиган фуқаролиги бўлмаган шахслар тўғридан тўғри фуқароликка эга чиқиши мумкин.

2023 йилнинг ярми ҳолатига кўра Ўзбекистонда 25,413 нафар фуқаролиги бўлмаган шахс истиқомат қилган. Уларнинг аксари Совет иттифоқининг собиқ фуқаролари ёки уларнинг авлоди бўлган. Бу Марказий Осиёда ушбу тоифадаги шахсларнинг энг кўп сони дегани.

ФУҚАРОЛИГИ БЎЛМАГАН ШАХС ҲАЁТИДАН ИККИ КУН:

ЭНГ АЯНЧЛИ ВА ЭНГ ҚУВОНЧЛИ

Фуқаролиги бўлмаган шахснинг тақдири ҳар ким учун турлича бўлади. Гарчи якунда бари хайрли тугаса-да, паспортга эга чиқишдан аввалги кунлар беҳад қайғули, аянчли ўтади. Шифокор Ортиқбой Эрназаровнинг оиласи тарихи бунга мисол.

Унинг ота-онаси 1993 йили Тожикистондаги фуқаролар уруши бошланганининг иккинчи йили Ўзбекистонга кўчиб келади. Оила Хўжанд (совет даридаги Ленинобод)дан ўзбек-тожик чегарасидан узоқ бўлмаган Бекобод туманига совет паспорти билан ўтади. Ортиқбой эса 1999 йили келади.

Узоқ йиллар улар яшаш учун рухсатнома ҳам ололмайдилар. Ҳатто прописка олгач ҳам 10 йилча ватанларидаги қариндош-уруғникига боролмайдилар. Ҳаракат эркинлиги – фуқаролиги бўлмаган одамлар орзу қиладиган бахтдир.

Кейинчалик Тожикистонга кириб-чиқиши имкони туғилгач, рости, жуда кўп вақт ва асаб виза ҳужжатбозликларига сарфланади. Эслатиб ўтамиз, ўзбек-тожик чегараси кўп йиллар ёпиқ бўлганди. Ҳатто бир қисми қазиб ташланганди. Икки давлат ўртасидаги 2016 йилгача бўлган муносабатлар фақат яхши томонга ўзгаришига умид боғланган ҳолича қолаверган.

Фуқаролиги бўлмаган шахслар орасида тез-тез тилга олинадиган муаммолар – муносиб иш тополмаслик ёки яхши ҳақ тўланадиган ишга эга чиқмаслик бўлган. Аммо бу борада Ортиқбой Эрназаровнинг пешонаси бошқа тақдирдошлариникидан ярқираган, толесиз оғалариникидан яхшироқ тақдир насиб этган. Уни талабгир касби, тўғрироғи, профессионализм, ўз ишига муҳаббат, моҳирлик ва мунтазам такомиллашиш қутқариб қолган. У олий тоифали нейрожарроҳ. Ҳозирда Тошкент тиббиёт академиясидаги клиникалардан бирида нейрожарроҳлик бўлимини бошқаради.

Бироқ унинг кечмишида бошқа тақдирдошлариникига ўхшамас, қоидадан ташқари истиснолар, ўта муҳим паллалар бор. Ҳар бир шифокор тиббий билим ва кўникмаларини такомиллаштириш, мустаҳкамлаш учун қатор семинар ва конференцияларда мунтазам қатнашишга мажбур. Бу уларга замон билан ҳамнафас бўлиш, даражасини юксалтиришга ёрдам беради. Агар конференция ва семинарлар яшаётган юртингда ўтказилса, нур устига нур, аммо хорижда ташкил этилса-чи? Тиббиётда халқаро миқёсда тажриба алмашиш беҳад муҳимдир.

Масалан, ҳар йили Санкт-Петербургда анъанавий равишда “Поленовские чтения” ўтказилади. Бу нейрожарроҳларнинг халқаро форуми бўлиб, турли симпозиум, танлов, давра суҳбатлари асосида ўтказиладиган илмий-амалий конференциядир.

— Ўша форумда жудаям қатнашгим келарди. Бироқ омадим келавермасди. Ҳар гал кетишга рухсат олишда нимадир рўй берарди. Фуқаролик йўқлиги халал бераверарди, — дейди Ортиқбой Эрназаров.

Кейинчалик шунга ўхшаш сабаблар туфайли Ҳиндистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Европа иттифоқи давлатларидаги малака оширишга оид муҳим сафарлар қолдирилаверади. Мабодо қаергадир боришга рухсат бўлса, буни ойлаб кутиш, ҳужжатлар йиғиш, элчихоналарга қатнашга тўғри келарди…

Тўғри, ҳозир хорижда ўтказиладиган бир неча илмий тадбирларда онлайн, масофадан иштирок этиш мумкин – пандемия бизга кўп нарсани ўргатди. Аммо амалиётчи жарроҳ учун (Эрназаров бошчилигидаги бўлимда йилига 400 та операция ўтказилади), бошқа муҳим касблардаги мутахассислардек бундай иштирок у қадар самара бермайди. Айрим ҳолатларда деярли фойдаси ҳам бўлмайди. Бу кўҳна матални ёдга солади: “Тишни суратига қараб даволаймиз”.

Прописканинг “лаънати мақоми” унинг отаси Ғойибназар Эрназаровнинг орзуларини ушалтиришга имкон бермади. У муқаддас Ҳаж сафарини адо этишни истарди. Ҳаж қилиш ҳар бир мусулмонга фарз этилган. Ўзбекистонда эса бундай амални адо этишни истаганлар жуда кўп. Тўққиз (!) йил рафиқаси билан у ҳаж учун навбатга туради. Ниҳоят, 2018 йили имконият туғиладию, бироқ кетишга атиги бир кун қолганида сафар бекор қилинади. Қайси сабаб билан эканини билиб бўлгандирсиз. Фуқаролик бўлмагани учун.

— Ота-онамизга керакли нарсалар, кийим-кечакларни сотиб олиб, жомадонларни йиғиб, вакциналарни олиб бўлгандик. Эртасига кетиш қолганди, холос. Ўша кунни эслаш мен учун оғир: онам ҳушини йўқотган, тез ёрдам чақирганмиз, ўзига зўрға келтириб олганмиз… Отам эса фуқаролик машмашалари ортидан келадиган асаббузарликлар сабаб бундан аввал юрак хуружини бошдан кечирганди, — деб эслайди қаҳрамонимиз.

Кейинчалик унинг онаси ва акаси (укаси) Ҳаж зиёратини адо этишади. Бироқ Ортиқбой Эрназаровнинг отаси бу оламни тарк этган, улуғ орзусини амалга ошириш насиб этмаганди…

2021 йилнинг ноябрида Эрназаров ва бутун оила Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинади. Унинг онаси бу кунларни 25 йил, Ортиқбойнинг ўзи эса 22 йил кутганди.

«Янгиликни эшитиб, беҳад қувондик. Ўзбекистон фуқароси бўлганимдан ичимга сиғмасдим. Энди бемалол ҳаракатланишим, дунё кезишим мумкин. Энди тўсиқлар йўқ!”

Узоқ йиллар кутилган фуқароликни олиш илгари ҳаётни заҳар заққумга айлантирган қатор муаммоларга чек қўяди. Ортиқбойнинг болалари паспорт олиш ёшига етган ва мана энди бемалол олишяпти. Бу уларнинг муносиб таълим олиши, иш топиши мумкинлигини билдиради.

Ортиқбой Эрназаров Тошкентдан уй сотиб олиши ҳам мумкин. Тўғри, кредитга олса бўларди, лекин паспортсиз бунинг ҳам иложи йўқ эди. Оила эҳтиёжига зарур битта олиш ҳам имконсиз эди. У узоқ йиллардан бери дийдорлашмаган, кўришмаган Тожикистондаги оиласи, яқинлари ва дўстларини йўқлашни режалаштирган.

Аммо бари айтганларидек, “ҳаётдаги майда-чуйдалар”. Муҳими – беморларни даволаш ва ҳаётини сақлаб қолишда такомиллашишдан тўхтамаслик, касбда профессионал бўлишдир.

У энди апрел ойида ўтказиладиган “Поленовские чтения” конференциясига бормоқчи. Яна малака ва тажрибасини ошириш учун бошқа конференция ва симпозиумларда ҳам қатнашмоқчи. Ҳозир номзодлик диссертацияси учун ҳужжатлар йиғмоқда (фуқароликсиз ҳимояга чиқиш имконсиз эди). Бир қанча илмий мақолалар тайёрлаяпти.

— Тасвирлашга ожиз ҳиссиётлар қуршовидаман! Албатта, ҳар бир фуқаро қайсидир давлатнинг фуқароси бўлиши шарт. Фуқаросизлик – бу жиддий муаммо, — дейди қаҳрамонимиз.

Ҳаммага омад тилаймиз!

 

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.