Москвада нималар бўлди: Тўқаевнинг “ур тўқмоғи”, Пашинян ҳалиям норози...

Улашиш:

Марказий Осиё мамлакатлари Хитой ва Россия орасида “талош”га ўхшайди. Куни кеча Москвада “чақирилган” ЕОИИ ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг йиғилишидан кейин бу тахминлар яна бир карра тасдиқлангандай. Чунки бир ҳафтача олдин Хитой бешта республика президентларини чақириб, кутилмаганда “1+5” форматида янги тузилма таклиф қилди. Москванинг эса буни ҳазм қилиши қийин эди, албатта. Шунинг учун ҳам ЕОИИ мажлисини зудлик билан ўтказишга қарор қилди.

Аммо, бизнингча, бу сафар ҳаммаси Россия истагандек бўлмади. Биринчидан, Тожикистон ва Ўзбекистон раҳбарлари йиғилишга бормади. Иккинчидан, Қозоғистон президенти ЕОИИнинг истиқболини сўроқ остига олди. Кейинроқ бунга Москва томони ҳам, расмий Остона ҳам изоҳ берди.

Энг хурсанд бўладиган жиҳати, ушбу йиғилиш баҳона Арманистон ва Озарбайжон раҳбарлари учрашиб, тинчлик йўлида навбатдаги қадамларини ташлади, десак, муболаға бўлмайди. Аввалроқ Арманистон бош вазири Пашинян КХШТ ва ЕОИИ дан чиқиб кетиш ҳақида сўз очганди. Чунки Қорабоғ масаласида Москва томондан етарли дастак келмагани, қолаверса, Украинага очилган уруш сабаб Россиянинг иқтисодий аҳволи ёмонлашмоқда.

Қозонга яқин юрсанг, қароси юқади, деган нақл арманларда ҳам борми, йўқми, билмайдигу, аммо Ереван қанчалик оғир бўлмасин, Озарбайжон ва у орқали Туркия, шунингдек, Европа билан алоқаларини кучайтирмоқчи. Агар Қорабоғ атрофидаги муаммолар тинчиб қолса, арманларнинг муаммолари деярли қолмайди. Демак, улар русларнинг “оға”чилигидан бемалол халос бўлиб, эркинроқ нафас олишлари мумкин бўлади.

Ўтган йил ноябрь ойида Пашинян КХШТ хавфсизлик кенгашининг қўшма декларациясини ҳам имзолашдан бош тортган эди. Бу ташкилот томонидан Озарбайжоннинг Арманистон суверенитетига қарши “тажовуз”ига сиёсий баҳо берилмагани билан боғлиқ.  Шу йил январ ойида Арманистон ўз ҳудудида КХШТнинг “Бузилмас биродарлик-2023” ўқув машғулотларини ўтказишдан бош тортди ва уларни номақбул деб ҳисоблади.

Май ойида Пашинян республика КХШТни бутунлай тарк этиши мумкинлигини инкор этмади:

“Агар Арманистон де-юре КХШТдан чиқишга қарор қилса, бу КХШТ армияси Арманистонни тарк этганидан кейин содир бўлади”, дея таъкидлаган Пашинян.

Дарвоқе, ушбу учрашув арафасида Ереван Қорабоғни Озарбайжонга тегишли эканини тан олди. Шу билан бирга улар мазкур минтақадаги арман миллатига мансуб аҳолининг ҳақ-ҳуқуқлари паймол бўлмаслигини талаб қиляпти. Илҳом Алиев эса бу борада бир қанча баёнотлар бериб, Қорабоғдаги арманлар ҳам Озарбайжоннинг барча аҳолиси билан тенг ҳуқуқли эканини таъкидлаб келмоқда.

“Коммерсант” хабарига кўра, 25 май кунги учрашувда томонлар иккита ҳужжат: транспорт коммуникацияларини блокдан чиқариш тўғрисида ва уч давлат раҳбарларининг қўшма баёнотини тайёрлаётган эди, бироқ кун охирида ҳатто қўшма баёнот ҳам қабул қилинмади.

Хабарда айтилишича, Никол Пашинян ва Илҳом Алиев ўртасида “Зангезур йўлаги” атамаси юзасидан тортишиб қолган. Арманистон Бош вазири сўнгги йилларда "Зангезур йўлаги" ибораси Арманистонга қарши ҳудудий даъволарни ифодалаш учун ишлатилганини айтди. Бунга жавобан Озарбайжон президенти Алиев ўз сўзларида ҳудудий даъво йўқлигини ва у ишлатган атама халқаро амалиётда қабул қилинганини айтди.

Бу орада Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли ишонч билан таъкидладики, “Арманистон ва Озарбайжон ўртасида тинчлик шартномаси имзоланади”.

Бу яхши хабар. Россиядан кўра кўпроқ Туркия яраштиришга уста, ният холис бўлса, албатта бажо бўлади, деб бежиз айтилмаган. Зеро, ушбу сулҳдан ҳаммадан кўп Туркия манфаатдор. Сабаби, Зангезур йўлаги орқали турклар Марказий Осиё ва Кавказдаги туркий қардошлари билан қуруқликдаги алоқаларини тиклаб олади. Қолаверса, Қорабоғ жанубидаги Эрон билан доимий “жиққа мушт” ҳолда экан, шу атрофдаги яна бир душманнинг кераги йўқ туркларга.

Кеча Украина президенти Владимир Зеленский Алиевга мактуб йўллади:

Россиянинг Украинага қарши уруши давом этаётган ушбу оғир даврда Озарбайжоннинг мамлакатимизнинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини халқаро миқёсда қўллаб-қувватлаш борасидаги изчил позицияси учун миннатдорчилик билдирмоқчиман. Шунингдек, Украинанинг Озарбайжон ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини қўллаб-қувватлаш борасидаги ўзгармас позициясини яна бир бор таъкидламоқчиман”, деган Украина раҳбари.

Тўқаевнинг “ур тўқмоғи”

Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тоқаев Москвада бўлиб ўтган Евроосиё иқтисодий форумининг ялпи мажлисида шундай гапларни гапирдики, Путиннинг юзлари қизариб кетди. Чунки унинг гапи замирида чуқур маъно мужассам эди. У Россия-Белорусия иттифоқи ҳақида кутилмаган фикр билдирар экан, аслида КХШТ, ЕОИИ каби тузилмалардан чиқиб кетиш учун ишора қилган эди. Зеро, ўтган йилги “Январь воқеалари”дан кейин Тўқаев сиёсатида жиддий ўзгариш бўлди. У принципиал характерга эканини яна бир карра исботлаб қўйди.

«Жаҳон сиёсий тарихида ноёб прецедент ёки феномен - ягона сиёсий, ҳуқуқий, ҳарбий, иқтисодий, валюта, маданий, гуманитар макони билан «икки давлат – бир мамлакат» формуласи бўйича давлатни яратиш ҳодисаси. Ягона иттифоқ ҳукумати, ягона иттифоқ парламенти ва мени кечириб қўясиз, ҳатто ядро қуроли ҳам ҳозир иккита давлатга битта.

Қозоғистон, Қирғизистон ва Арманистон билан интеграциянинг бошқа даражаси ҳам мавжуд ва биз бу реаллик билан ҳисоблашишимиз керак: бундай шароитда қандай ишлаймиз? Бу концептуал масала. Ўйлайманки, биз ушбу иқтисодий форумда мазкур муаммони муҳокама қилишимиз керак», — деди Тўқаев.

Айни пайтда, Токаевнинг иттифоқ давлати ҳақидаги нутқи давомида Путин ва Лукашенко қисқача нимадир ҳақида гаплашиб, қўл сиқишди.

“Иттифоқ давлати” 1999 йил 8 декабрда ташкил этилган миллатлараро бирликдир. У фақат Россия ва Белоруссияни ўз ичига олади, шунингдек, бошқа мамлакатларнинг ҳам қўшилишига рухсат берилган (жаноблар, "хитирлик" йўли билан сссрни тиклаб олмоқчимисизлар?! Йўўў, бунақаси кетмайди, деди Тўқаев бизнингча).

Кейинроқ Москва Путиннинг матбуот котиби орқали вазиятни юмшатишга уриниб кўрди. Дмитрий Песковнинг айтишича, Россия ва Беларус иттифоқ давлати ЕОИИга қараганда интеграциянинг илғор шакли ҳисобланади. Кремл вакилининг таъкидлашича, ЕОИИ доирасида Иттифоқ давлатининг мавжудлиги ҳисобга олиниши керак бўлган ноёб глобал вазиятдир.

Аммо расмий Остона ҳам жим тургани йўқ. Президентнинг матбуот котиби Руслан Желдибай ижтимоий тармоқларда “Қозоғистон ҳеч қандай иттифоқ давлатларини яратмоқчи ёки унга қўшилмаслигини” маълум қилди.

Желдибай таъкидлаганидек, Тоқаевнинг асосий нияти шундаки, ЕОИИ доирасида интеграция “фақат иқтисодий йўлда” амалга оширилиши керак.

Учрашувга бормаган Ўзбекистон президентининг фикрлари ҳам жуда умумий бўлгани ҳам эътиборга молик.

Хитой Россияни Марказий Осиёдан хавотирланмасликка ишонтирмоқда

"19 май куни “Марказий Осиё+Хитой” биринчи саммити бўлиб ўтган ва Хитой минтақада фаоллашганидан кейин Россия раҳбарияти Москванинг Марказий Осиё давлатлари билан алоқаларини сусайтиришидан хавотирда. Хитой томони Россияни Марказий Осиё давлатлари ҳақида фақат “Россия номидан қайғуришига ишонтирмоқда”, деб ёзади Хитойнинг Asia Times нашри.

17 май куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакили Захарова "Марказий Осиё давлатларининг Россия билан алоқалари узилса, унинг ўрнини “на Ғарб, на бошқа ҳеч ким” (аниқ Хитойни назарда тутиб) тўлдира олади, бу "йўқотиш"ни қоплашга бошқалар қодир эмас"лигини яхши билишини айтганди.

Москва Пекиннинг Марказий Осиё давлатлари билан яқинлашаётганидан мамнун эмас, лекин шикоят ҳам қила олмайди, чунки Хитойнинг иқтисодий ёрдами жуда зарур, дея қайд этади Asia Times.

Менимча, мақола бошида келтирган фикримиз бежиз эмаслигини юқоридаги изоҳлардан англаш қийин эмас: Марказий Осиёга қизиқиш борган сари хавотирли тус олаётгандай...

P.S.: Мақолага шу ерда нуқта қўйсак ҳам бўлади, аммо Россия ҳақидаги битта яхши ва битта ёмон қисқа хабарни илова қилиб кетмасак, бўлмайди.

Биринчиси, Путин Бразилия раҳбарига қўнғироқ қилиб, Россия Украина масаласида дипломатик ечим топишга тайёрлигини айтди, дея хабар беради Кремл матбуот хизмати. Бу барибир яхши хабар.

Иккинчиси эса, Россия Ташқи ишлар вазирлиги дон битимини бузиш билан таҳдид қилди.

"Агар Росселхозбанк SWIFT тизимига уланмаган бўлса ва бизнинг қишлоқ хўжалиги экспортини тўсиб қўядиган бошқа "тизимли" муаммоларни ҳал қилишда ҳеч қандай муваффақият бўлмаса, "Қора денгиз ташаббуси" ҳам алтернативаларни излашга мажбур бўлади", дейилади ТИВ баёнотда.

Хуллас, шунақа гаплар... Ишқилиб ҳаммаси яхшиликка бўлсин...


2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.