Ўзбекистон Каспий денгизида ўз паромларини ишга туширади

Улашиш:

Ўзбекистон Каспий денгизида ўз паромларини ишга туширишни бошлаш арафасида. Бу ҳақда транспорт вазири Илҳом Маҳкамов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди. Маҳкамовга кўра, юклар Каспий орқали кечикяпти, паромлар 30–40 кунлик навбатда. Шу сабабли ўзбек компаниялари турк шериклари билан паромларни бошқариш бўйича келишувга эришди.

2 июль куни Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида кемачилик ва кемасозлик соҳасида ҳамкорлик тўғрисида баённома имзоланди. Ҳужжат икки давлат транспорт вазирликлари ўртасида тузилди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Бокуга давлат ташрифи чоғида Озарбайжон контейнер темир йўл ташувлари бўйича Ўзбекистонга бериладиган имтиёзларни 2026 йилгача узайтирди.

Маҳкамов, шунингдек, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлининг қурилиши Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида қўшимча транзит ҳажми яратишини таъкидлади. Шу муносабат билан икки давлат инфратузилмани модернизация қилиш ва юкларни қайта ишлаш имкониятларини кенгайтиришга келишиб олган.

2023 йил август ойида Ўзбекистон ва Озарбайжон президентлари Транскаспий йўлаги доирасида қўшма логистика компаниясини ташкил этиш ва Боку ҳамда учинчи давлатлар портларида логистика марказларини қуриш масалаларини муҳокама қилганди.

Шунингдек, 2024 йил сентябрь ойида Trend нашри Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг қўшма паром ишлаб чиқариш лойиҳаси устида иш олиб бораётганини маълум қилганди. Лойиҳа қиймати $150 млн ни ташкил этади.

Томонлар логистика ва транзит соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида омбор инфратузилмасини қуриш ва Транскаспий йўналишида қўшма корхоналар ташкил этиш бўйича режаларни ҳам кўриб чиқмоқда.

Аввалроқ Тошкент шаҳар ҳокимлиги Озарбайжон компаниялари билан 400 миллион долларлик шартномалар имзолаганди. Ушбу лойиҳалар 5 юлдузли меҳмонхона, турар-жой ва савдо мажмуалари, ҳамда озиқ-овқат тармоқлари қурилишини ўз ичига олади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.