Юксалиш сари интилиб. Тошкент ва Пекин Марказий Осиёда янги логистика тизимини шакллантиради

Улашиш:

Коронавирус пандемияси, кейин эса санкцияли урушлар халқаро транспорт коридорлари тизимида жиддий узилишларни келтириб чиқарди. Марказий Осиё ва Европа ўртасидаги талаб энг катта бўлган юк етказиб бериш йўллари сиёсий ўйинлар қурбонига айланди. Ўзбекистон денгизга чиқиш йўли мавжуд бўлмаган давлат. Шу боис маҳаллий иқтисодиёт логистика занжирларининг самарали ва узлуксиз ишлашига чамбарчас боғлиқ. Бинобарин, маҳсулотларни етказиб беришга алоқадор бўлган ҳар қандай муаммо импорт ёки экспорт қилинадиган товарларнинг якуний қийматида акс этмай қолмайди. Ушбу салбий оқибатларни бартараф этиш мақсадида расмий Тошкент нафақат узлуксиз экспорт-импорт етказиб беришни, балки Хитой, Европа ва Яқин Шарқ мамлакатлари ўртасида товарлар транзитини ҳам таъминлайдиган янги транспорт алоқаларини расмий Пекин билан ҳамкорликда фаол равишда барпо этмоқда. 

Мақбул йўлларни излаб... 

Халқаро транспорт йўлаклари мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, минтақавий иқтисодий интеграцияни мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнайди. Осиё ва Европа ўртасидаги юк ташиш ҳажмининг ортиши шароитида халқаро транспорт йўлаклари, жумладан мультимодал йўлакларнинг ўтказиш қобилиятини ошириш ва фаолиятини барқарорлаштириш вазифаси тобора долзарб кўриниш касб этмоқда.

Дунёда энг яқин денгиз портидан исталган йўналишда камида иккита давлат чегараси билан ажратилган фақат иккита давлат бор. Бу Ўзбекистон ва Лихтенштейн. Ва, албатта, бундай географик хусусият экспорт ва импорт товарларининг ташиш нархига таъсир этиши тайин. Айнан шунинг учун ҳам логистика занжирларининг самарали ишлаши Ўзбекистон учун катта аҳамият касб этади. Юк ташишнинг кечикиши ва транзит тарифларининг ошиши мамлакатда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини йўққа чиқариши ёки импорт нархининг ошишига таъсир кўрсатиши мумкин. Бу эса бевосита халқимизнинг ҳамёнида ўз аксни топмай қолмайди.

Мустақилликка эришгандан кейинги барча йилларда экспорт ва импорт имкониятларини кенгайтириш, экспортчи ва импортчиларимизнинг аҳволини енгиллаштириш мақсадида янги транспорт йўлакларини шакллантириш Ўзбекистон миллий транспорт сиёсатининг энг муҳим йўналишларига айланди. Ҳозир биз Ўзбекистонга ҳам Ғарб, ҳам Жануб ва Шарқ йўналишларини очиш имконини берадиган транспорт лойиҳаларини амалга оширишнинг сифат жиҳатидан янги босқичи остонасида турибмиз.

2019 йилда Ўзбекистон Президенти БМТ Бош Ассамблеяси мажлисида сўзлаган нутқида транспорт, логистика ва транзит билан боғлиқ минтақавий муаммоларни ҳал этишда Марказий Осиё давлатларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш зарурлигини таъкидлаган. Ўшанда у БМТ шафелигида Марказий Осиёда транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш бўйича минтақавий марказ ташкил этиш таклифи билан чиқди. Ҳозирда ушбу ғояни концептуаллаштириш, амалий масалаларга умумий ягона ёндашувларни белгилаш ва мувофиқлаштириш босқичлари ўз якунига етмоқда, таъсис ҳужжатларини тайёрлаш ва келишиш ишлари олиб бориляпти.

Ушбу марказнинг пайдо бўлиши Марказий Осиё мамлакатлари ўзларининг миллий транспорт стратегияларини мувофиқлаштиришни ўрганишлари ва шу асосда умумий минтақавий транспорт тизимини шакллантиришлари учун жиддий институционал қадам бўлади. Бу, ўз навбатида, минтақанинг Ўзбекистон каби денгиз портларидан ажралган барча мамлакатларига транспорт харажатларини камайтириш ва ўз иқтисодиётларининг барқарор ривожланишини таъминлаш имконини беради.

Муҳим йўналиш 

Ўзбекистонни қизиқтирадиган халқаро транспорт йўлаклари лойиҳалари ҳақида гапирадиган бўлсак, бугунги кунда энг муҳими “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темир йўлининг қурилишидир. Бу 25 йилдан ортиқ вақтдан бери амалга ошириш масаласи чўзилиб келаётган лойиҳадир. Дастлабки техник-иқтисодий асослар ўтган асрнинг 90-йиллари охирида яратилган эди, аммо объектив ва кўп жиҳатдан субъектив бўлган турли хил вазиятлар туфайли ушбу лойиҳа узоқ вақт давомида жавонларда қолиб кетди.

Айни пайтда бу йўналишда автомобиль йўлаги амал қилмоқда, бироқ бир қатор, жумладан, ҳудуддаги об-ҳаво ва рельеф билан боғлиқ чекловлар сабаб у ҳозирча бошқа йўналишлар учун жиддий муқобилга айланди деб бўлмайди. Шу боис, мутахассислар таъкидлаганидек, мавсум ёки об-ҳаво шароитига боғлиқ бўлмаган темир йўл коридорига эҳтиёж мавжуд.

Айтиш жоизки, кейинги икки йилда мазкур лойиҳани амалга оширишда жиддий ижобий тенденция кузатилмоқда. Ўзбекистон ва Хитой ҳукумати Қирғизистон вакилларини бу лойиҳа улар учун ҳам зарур эканлигига ишонтира олишди, чунки темир йўлнинг пайдо бўлиши ушбу мамлакат учун муайян ижобий самара беради: транзитдан бюджетга тушадиган тушумларидан тортиб, янги темир йўл коридори ўтадиган ҳудудларда ўсиш нуқталари шаклланиши кабилар шулар жумласидандир.

Бугунги кунга келиб, томонлар лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш бўйича ишларни якунладилар ва уни биргаликда баҳоладилар, эндиги навбат – батафсил экспертизага. Шу мақсадда жорий йилнинг май ойида Сиан шаҳрида ХХР Тараққиёт ва ислоҳотлар давлат қўмитаси, Қирғизистон Транспорт ва коммуникациялар вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ўртасида уч томонлама ҳужжат имзоланди. Янги ҳужжат лойиҳани амалга оширишнинг кейинги босқичларини, хусусан, лойиҳани батафсил ишлаб чиқиш, тадқиқот ўтказиш ва инвестиция моделини аниқлаш кабиларни белгилаб беради.

Ҳозир шу маълумки, темир йўлнинг умумий узунлиги қарийб 523 километрни ташкил этади, шундан 260 километри Қирғизистон ҳудудидан ўтади.

Дастлабки прогнозларга кўра, янги йўлнинг ишга туширилиши туфайли Шарқий Осиёдан Яқин Шарқ ва Жанубий Европа мамлакатларига йўл қарийб 900 километрга, вақт эса 7–8 кунга қисқаради, юк ташиш ҳажми йилига 12–15 миллион тоннага етиши мумкин.

Шу билан бирга, жорий йилнинг июнь ойидан “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” йўлаги бўйлаб мультимодал режимда юк поездлари ҳаракати йўлга қўйилди. 9 июнь куни Zhejiang Union of Railway Logistics (Хитой), “Ўзбекистон темир йўллари” (Ўзбекистон) ва “Кыргыз темир жолу” (Қирғизистон) компаниялари Ланьчжоу станциясидан Тошкентга 30 та контейнердан иборат биринчи блокли поездни жўнатди. Ушбу ташаббуснинг асосий мақсади йўлакнинг имкониятларини синаб кўриш ва мавжуд муаммоларни аниқлашдан иборат.

Қуёш батареялари, механик жиҳозлар, газламалар ва бошқа товарлардан иборат 2,5 миллион долларлик юк ортилган поезд 15 кунда Тошкентга етиб келди. Юкнинг бир қисми автомобиль транспортида ташилди. Гап Қирғизистондаги ҳали темир йўл қурилмаган ҳудудлар ҳақида бормоқда.

Ўзбекистоннинг яна бир йирик савдо шериги — Россия ҳам йўл қурилишига қизиқиш билдирмоқда. Масалан, “Россия темир йўллари” бош директори ўринбосари Сергей Павловнинг айтишича, янги темир йўл линияси имкон қадар тезроқ ишга туширилишидан Россия Федерацияси манфаатдордир.

“Россия темир йўллари” “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темир йўл линиясини қуриш ва фойдаланишда иштирок этишга умид билдирмоқда. Шўъро давридан бери Қозоғистон орқали Ўзбекистон билан жуда яхши алоқа йўли барпо этилган. Йўл аъло даражада сақлаб қолинган, юкнинг ҳозирда Забайкальск орқали ўтаётган бир қисмини Хитойга, Ғарбий Осиёга чиқадиган Ипак йўлидаги Хитойнинг энг йирик шаҳри Қашқарга жўнатишимиз мумкин”, — деди Павлов.

Унинг сўзларига кўра, янги йўлнинг пайдо бўлиши логистикани яхшилашга ва ҳозирда юки ортиб бораётган Транс-Сибирь магистралини енгиллаштиришга хизмат қилади. Фақатгина йил бошидан буён Россиядан Ғарбга юк ташиш 70 фоизга камайди, Шарққа эса 64 фоизга ошди.

“Биз магистрални қуришда ҳам, ундан фойдаланишда ҳам иштирок этишга тайёрмиз. Ҳозир бу мавзу муҳокама қилинмоқда ва биз ҳамкорликка эришамиз”, — дея қўшимча қилди у.

Бундан ташқари, йўлни лойиҳалаш билан параллель равишда тегишли инфратузилмани, хусусан, логистика марказларини яратиш жараёни бошланди. Масалан, Хитойнинг Taitong International компанияси ҳозирданоқ Ўзбекистоннинг учта вилоятида логистика марказларини қуриш бўйича расмийлар билан музокаралар олиб бормоқда. Гап Андижон, Сирдарё ва Тошкент вилоятлари ҳақида кетмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, агар Ўзбекистон, Қирғизистон ва Хитой лойиҳа доирасида эришилган жадалликни сақлаб қололса, йўл қурилиши жорий йилнинг сентябридаёқ бошланиши, 2025 йил охирида эса фойдаланишга топширилиши мумкин.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.