Ўзбекистон Хитойга мошни экспорт қилиш бўйича биринчи ўринга чиқди

Улашиш:

Ўзбекистон Хитойга мошни экспорт қилиш бўйича биринчи ўринга чиққан. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг ХХРда элчихонаси маълум қилган. 

Бугунги кунда, Хитой озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилувчи дунёдаги энг йирик мамлакат ҳисобланади. Хитойда соя, мош, ловия, ясмиқ, эспарцет, нўхат, люпин ва ер ёнғоқ жуда оммабоп дуккаклилар қаторига киради.

Ўз мош маҳсулоти етишмаслиги туфайли Хитой уни бошқа мамлакатлардан импорт қилади. Асосий етказиб берувчилар Ўзбекистон, Мьянма, Индонезия, Австралия ва Таиланд ҳисобланади. Хитойда мошнинг йиллик истеъмол ҳажми йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Агар 2018 йилда бу кўрсаткич 89 минг тоннани ташкил этган бўлса, 2019 йилда – 113 минг тонна, 2020 йилда - 205 минг, 2021 йилда - 290 минг тоннани ташкил этган.

Шуни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон элчихонаси Хитой бозорига маҳаллий мошни фаол илгари сурмоқда. Хитойга уни экспорт қилиш учун рухсат 2018 йилда олинган.

Сўнгги тўрт йил ичида Пекиндаги Ўзбекистон элчихонаси Хитой халқ Республикасининг тегишли идораларида етказиб берувчилар рўйхатини шакллантириш ва тасдиқлашда “Ўздавкарантин”га фаол ёрдам кўрсатган. Бундан ташқари, ўзбекистонлик тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш базасини технологик жиҳатдан модернизация қилишга эришилган, натижада ХХРга мошни экспорт қилувчилар сони уч бараварга ошган. 2018 йилда уларнинг сони 24 та бўлса, 2021 йилда 72тага етган.

Олиб борилган муштарак саъй-ҳаракатлар натижасида ўзбек мошининг Хитойга экспорт қилиш ҳажми   тўрт баробарга ошган. Агар 2019   йилда 28 минг тонна экспорт қилинган бўлса, 2020 – йилда 75 минг тонна, 2021 йилда эса 112 минг тонна мош етказиб берилган. Бу сал кам 100 млн. долларни ташкил этади. Шу билан бирга, ушбу маҳсулотни Хитойга олиб киришнинг умумий тоннаж ҳажмларида Ўзбекистон улуши 37 фоизгача ўсган. Шундай қилиб, Ўзбекистон Хитойнинг мош таъминотчилари орасида етакчи ўринга чиқиб олган.

Эслатиб ўтамизки,   Хитойга қуритилган узум етказиб бериш бўйича ҳам етакчилик қилмоқда. Бу маҳсулотнинг умумий ҳажмидан 55 фоизи Ўзбекистонга тўғри келади. Бу эса ушбу турдаги маҳсулотларни Хитой бозорига экспорт қилишни кўпайтириш учун катта салоҳиятдан далолат беради.

Таъкидлаш жоизки, экспорт қилинаётган ўзбек товарлари турларини кенгайтириш борасидаги шу каби кенг кўламли ишлар бошқа йўналишларда ҳам амалга оширилмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.