Ўзбекистон давлат бюджети даромадлари 1-ярим йилликда 19% га ўсди

Улашиш:

2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистон давлат бюджети даромадлари 144,2 трлн сўмни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 19,2 фоиз кўпдир. Парламент Қуйи палатасида Бош вазир ўринбосари, Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров тақдим этган ҳисоботда шу рақамлар эълон қилинди.

Ҳисоботда деярли барча солиқ турлари бўйича белгиланган режа кўрсаткичлари тўлиқ бажарилгани қайд этилди. Бу давлат бюджети барқарор даромад манбаларига эга эканини кўрсатади.

Давлат бюджетининг харажатлари ҳисобот даврида 173,3 трлн сўмга етди ва ўтган йилга нисбатан 16 фоизга ошди. Ижтимоий соҳалар учун йўналтирилган маблағлар алоҳида эътиборга лойиқ — жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида бу кўрсаткич 86,2 трлн сўмни ташкил этиб, 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 12,1 трлн сўмга кўпдир. Натижада ижтимоий харажатлар умумий бюджет харажатларининг 49,8 фоизини ташкил этди.

Депутатлар таъкидлаганидек, давлат молиявий сиёсатининг асосий мақсади ижтимоий барқарорликни таъминлаш, аҳоли турмуш даражасини ошириш ва муносиб шароит яратишдир. Ҳар йили ижтимоий харажатлар улушининг ошиб бориши шу йўналишнинг устувор эканини яққол кўрсатмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.