Ўзбекистон транспорт инқирозига юз тутмоқда. Муаммони ҳал қилиш 50 миллиард долларга тушади

Улашиш:

Ўзбекистоннинг ҳозирги логистика инфратузилмаси ишлаб чиқариш суръатларига мос келмайди. Логистикадаги инқироздан энди қочиб бўлмайди. Мамлакатда инфратузилма салоҳиятини оширишни икки йил аввал бошлаш керак эди.

Россиянинг халқаро транспорт ва логистика соҳасидаги етакчи эксперти Алексей Безбородов Ўзбекистон логистика тизимида ўсиб бораётган муаммоларни қандай юмшатиш ҳақида гапирди.

— Сўнгги пайтларда Ўзбекистон транспорт инқирозига юз тутаётгани ҳақида бир неча бор очиқ айтиб ўтдингиз. Яқинлашиб келаётган инқироз белгиларини қандай кўраётганингизни изоҳланг?

— Ўзбекистон саноат мажмуасига йўналтирилаётган улкан сармоялар бунинг энг муҳим белгисидир. Саноатнинг турли тармоқлари сони ортиб бормоқда: автомобиль йиғишдан тортиб, газ кимёсигача, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашдан тортиб то тўқимачиликгача. Буларнинг барчаси, албатта, яхши.

Муаммо бошқа томонда. Ишлаб чиқаришнинг ўсиши билан бир қаторда, тегишли логистика билан шуғулланиш керак. Умуман олганда, Ўзбекистонда логистика минимал даражада ривожлантирилмоқда. 2024 йилнинг биринчи ярмидаги статистик маълумотларга кўра, мамлакатнинг транспорт ва логистика секторидаги янги хорижий ва қўшма корхоналар ҳиссаси 3 фоиздан камроқни ташкил қилади. Шунингдек, инфратузилма салоҳиятини фаол кенгайтиришга уриниш бўлаётгани йўқ.

Ўзбекистонда бу ҳолат манфаатдор томонларнинг йўқлигидан келиб чиққан. Улар бор, лекин пастдан ташаббус ва юқоридан буйруқ бўлмаса, натижа нолга тенг, ҳеч ким на пул, на инвестиция қилмайди.

— Инқироз қачон бошланади?

—  Бир ярим-икки йил ичида.

— Сиз айтаётган транспорт инқирози амалда қандай кўринда бўлади? Ишлаб чиқарувчилар, саноатчилар ва фермерлар транспортда қандай муаммоларга дуч келишади?

— Энг биринчи оқибати назорат пунктларида тирбандликнинг кучайиши. Навбатлар аллақачон мавжуд, аммо ҳозирча улар инқироз белгиси эмас.

Инқироз юзага келган тақдирда Ўзбекистон транспорт соҳасига босим кескин ортади. Кейинчалик, транспорт хизматларига, одамларга ва автомобилларга талаб ортади. Бундай талабни тезда қондириб бўлмайди — танқислик юзага келади ва нархлар кескин кўтарилади.

Баъзи саноат объектлари хом ашёни етказиб бериш ёки тайёр маҳсулотларни ташишда муаммоларга дуч келиши мумкин. Қишлоқ хўжалиги ҳам худди шундай муаммоларга юз тутади.

— Инқироз Ўзбекистонга қанчалик таҳдид солмоқда?

— Албатта, Ўзбекистонда глобал инқироз бўлмайди. Хусусий сектор ва йирик корпорациялар у ёки бу тарзда мослашади — эҳтимол улар чет элликларни таклиф қилишади, шунга ўхшаш муаммоларга дуч келган бошқа давлатлар тажрибасини ўрганадилар. Вазият қандайдир тарзда ҳал қилинади.

Яқинлашиб келаётган муаммонинг кўламини тушуниш учун оддий ҳисоб-китобларни амалга ошириш кифоя.

Бир ярим-икки йил ичида қанча кубометр маҳсулот ишлаб чиқарилишини ҳисоблашимиз керак.

— Қанча ҳажм ҳақида гап кетмоқда?

— Менимча, умумий ҳажм 36 миллион кубометрни ташкил қилади. Тушуниш учун ушбу ҳажмни ўтказиш учун сизга 300 минг юк машинаси ёки 450 минг 40 футлик контейнер керак бўлади. Бу жуда жиддий, катта ҳажм.

— Бошқа давлатлар ҳам шундай муаммоларга дуч келганми?

— Кўпгина давлатлар бундай ҳолатларга дуч келишган. Энг типик мисол ишлаб чиқаришни кескин оширган, аммо 1980-1990 йилларда инфратузилма тақчиллигига дуч келган Хитойдир. Бунга жавобан ХХР логистика учун катта ресурсларни сарфлади ва охир-оқибат инфратузилмани изига туширди.

Россия ҳам Узоқ Шарққа юк ташишда муаммоларга дуч келмоқда, чунки сўнгги йилларда ишлаб чиқариш ўсиб бормоқда, аммо транспорт имкониятлари етарли эмас. Ҳукумат ва бизнес муаммони ҳал қилиш учун катта маблағ сарфлашга мажбур.

— Яқинлашиб келаётган инқироз белгилари шунга ўхшашми ёки Ўзбекистондаги вазият ўзига хосми?

— Инқироз белгилари, албатта, ўхшашдир. Муаммони ҳал қилишда турли хил ёндашувлар мавжуд. Баъзи ҳукуматлар ва корпорациялар жуда кўп пул ва улкан инсон ресурсларини сарфлашади, аммо бу кутилган самарани бермайди.

— Балки сизнинг вазиятдан тўлиқ хабарингиз йўқдир ва аслида Ўзбекистон транспорт соҳасини ривожлантириш учун оммага маълум қилмасдан барча чораларни кўраётгандир?

— Албатта, ҳамма нарсани била олмайсиз деб тахмин қилишингиз мумкин. Аммо Ўзбекистон темир йўллари ва инфратузилма қувватларини қуришга қодир йирик холдинглар очиқ фаолият юритмоқда. Уларнинг фаолияти оммавий ахборот воситаларида ёритилмоқда. Агар улар контейнер терминаллари, 100 ёки 200 минг квадрат метрлик омбор мажмуалари ва Ўзбекистон иқтисодиёти учун зарур бўлган бошқа объектлар қура бошлаган бўлса, буни яшириб ўтиришмасди.

Янги лойиҳалар тўғрисида маълумотлар йўқлиги улар мавжуд эмаслигини англатади. Ҳозир ҳеч қандай қурилиш йўқ, яъни зарур объектлар бир ярим йил ичида мавжуд бўлмайди, чунки бундай объектларни қуриш даври узоқ давом этади.

— Ҳозир Ўзбекистонда салбий вазият юзага келмаслиги учун нима қилиниши керак?

— Президент Шавкат Мирзиёев 2023 йилда ШҲТдаги нутқида айтганларини бажариш лозим. Ўзбекистон раҳбари барча куч ва ресурсларни ШҲТ давлатларининг ягона интеграциялашган транспорт тизимини шакллантириш учун йўналтиришга чақирганди. Саъй-ҳаракатларни йирик марказлар ва «келажак шаҳарлари»ни яратишга эмас, балки оддий терминалларга, логистикага қаратиш зарур.

Афсуски, ҳозирда ШҲТга аъзо давлатлар Марказий Осиёнинг транспорт келажаги бўйича умумий қарашларга эга эмаслар. Уларда кучларни тақсимлаш, транспорт коридори лойиҳаларида биргаликда иштирок этиш ва ҳоказолар бўйича келишувлар йўқ.

Ўзбекистон ўз инфратузилмасини жадал қуриши керак. Хусусан, янги контейнер терминаллари қурилиши лозим. Эскиларини кенгайтириш эмас, айнан янгиларини қуриш керак. Терминалларнинг умумий майдонини бир миллион квадрат метрга ошириш зарур. Улардан 200 минг квадрати музлатгичли бўлиши талаб этилади.

 Бундай лойиҳалар, албатта, электр энергияси ишлаб чиқаришни ошириш ва бошқа  чоралар кўришни талаб қилади. Буни қилиш қийин ва қиммат бўлиши мумкин, аммо бу зарур.

Шунингдек, йўл тармоғини кенгайтиришни давом эттириш ва уни максимал даражада бажариш муҳимдир. Балки темир йўл узеллари қурилиши тугалланар. Бу ҳақда Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши бошланганидан кейин аниқроқ айтиш мумкин бўлади. Шунда Ўзбекистонда яна нималар бажарилиши кераклиги маълум бўлади.

— Муаммони ҳал қилиш учун қанча маблағ керак бўлади?

— Қарийб 40 миллион аҳолиси бўлган мамлакат инфратузилмасини янгилаш, тўғрироғи, тўлиқ якунлаш учун 50 миллиард долларгача маблағ керак бўлади. Бу, шубҳасиз, жуда кўп, лекин буни хусусий компаниялар, банклар ва бошқалар қилишлари керак.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.