Америкалик олимлар сунъий тишлар соҳасида инқилобий технологияни ишлаб чиқдилар: эндиликда инсон ўзининг ҳақиқий тиши каби сеза оладиган "тирик" тиш имплантлари яратилади.
Мазкур имплантлар анъанавий усулдаги тиш протезларидан фарқли ўлароқ, суякка бурғулаш орқали эмас, балки тўғридан-тўғри тўқималарга жойлаштирилади. Улар илдиз ҳужайралари ва махсус таркибий оқсиллар ёрдамида яқин атрофдаги нерв тугунларига боғланади. Бу эса имплантга озиқ-овқат босими, ҳарорати ва ҳатто оғриқни ҳис қилиш қобилиятини беради.
Олимларнинг таъкидлашича, ушбу сунъий тишлар организмда "ёт жисм" сифатида эмас, балки табиий аъзо сифатида қабул қилинади. Натижада бемор имплантни ўз тишидек сезади.
Айни пайтда бу технология кемирувчи жониворларда синовдан ўтказилмоқда. Муваффақиятли натижалар қайд этилса, инсонларда клиник синовларни бошлаш режалаштирилган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу ёндашув нафақат эстетика, балки функционаллик бўйича ҳам тиш протезлари соҳасида янги даврни бошлаб беради.