Бухоро вилояти Жондор туманида “Қизил китоб”га киритилган нодир ҳайвон — бўз эчкиэмарга нисбатан шафқатсиз муносабат билдирган фуқаро маъмурий жавобгарликка тортилди.
Маълумотларга кўра, 2005 йилда туғилган Сарвар Ҳамидов (исм-фамилия ўзгартирилган) чўл ҳудудидаги дала шийпонига қўйларини қамаш учун келган пайтида бўз эчкиэмарни кўриб қолган. У ҳайвонни калтаклаб, оғзига мажбурлаб нос солган ва бу ҳолатни видеога олиб, Instagram ижтимоий тармоғига жойлаштирган. Кейинчалик, уни кўл қирғоғига олиб бориб ташлаб юборган.
Ҳамидов суд жараёнида қилган ишидан афсусда эканини билдириб, бу ҳайвонни ўлдирмаганини, лекин шафқатсиз муносабатда бўлганини тан олди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ушбу ҳаракатни Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 111-моддаси, 1-қисми (ҳайвонларга шафқатсиз муносабат) бўйича баҳолади. Суд ҳукмига кўра, Ҳамидов 1 миллион 500 минг сўм (БҲМнинг 4 баробари) миқдорида жаримага тортилади.
Муҳим!
Бўз эчкиэмар — Ўзбекистон фаунасида кам учрайдиган ва ҳимоядаги жонзотлардан бири ҳисобланади. Табиатни муҳофаза қилиш ва ноёб турларни асраш ҳар бир фуқаронинг инсоний бурчи саналади. Шу сабаб, жамоатчилик ушбу ҳолатга нисбатан жиддий муносабат билдириб, ҳайвонларга шафқатсиз муносабатни қатъий қоралашмоқда.