Президентлар “Sea Breeze”да: Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги дўстона алоқалар янги босқичда

Улашиш:

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжонга амалга оширган давлат ташрифи доирасида икки мамлакат ўртасидаги стратегик ҳамкорлик ва маданий ришталарни мустаҳкамлашга қаратилган қатор муҳим тадбирлар бўлиб ўтди.

Давлат ташрифининг биринчи куни якунида Президент Мирзиёев Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ҳамроҳлигида “Sea Breeze” халқаро дам олиш мажмуаси фаолияти билан танишди. Каспий денгизининг ғарбий соҳилида жойлашган ушбу курорт мажмуа 500 гектар майдонни эгаллаган бўлиб, 6,5 километрлик пляж, 150 гектарлик яшил ҳудуд, спорт ва дам олиш масканлари, меҳмонхоналар ва турар-жой объектлари билан замонавий туризм марказига айланган. Бу ерда 700 мингга яқин дарахт экилган бўлиб, муҳит экологик жиҳатдан ҳам жозибадор қилиб яратилган.

Шунингдек, Президентимиз Боку шаҳридаги икки муҳим ва рамзий жой — Ғалаба боғи ва Фахр хиёбонига ташриф буюрди. Ғалаба боғида озарбайжонлик қаҳрамонлар хотирасига ҳурмат билдирилди, Фахр хиёбонида эса Озарбайжон давлатчилиги асосчиси Ҳайдар Алиев қабрига гул қўйилди. Бу ташрифлар Президентимиз томонидан Озарбайжон халқига бўлган самимий эҳтиром ва икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва биродарлик муносабатларини янада мустаҳкамлашга қаратилган эзгу саъй-ҳаракатлар тимсоли бўлди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.