Тошкентда иссиқ ва ортиқча юкланиш фонида электр таъминотида узилишлар кучайди

Улашиш:

Тошкентдаги “Ботаника” подстанциясида 22 июль куни кечқурун содир бўлган авария сабаб 3,5 мингга яқин хонадон ва корхона бир неча соатгача электр таъминотисиз қолди. “Тошкент шаҳар электр тармоқлари” маълумотига кўра, авария 19:30 ларда 35 киловатт кучланишли “L-Astronomicheskaya-1” тармоғида юз берган бўлиб, соат 22:12 да аксарият истеъмолчиларга таъминот тикланган, қолган 500 таси эса соат 23:30 гача кутган.

Бундан ташқари, шаҳар аҳолиси ўчиришлар аслида аввалроқ – соат 14:30 лардаёқ бошланганини маълум қилмоқда. Кун иссиқлиги сабаб баъзи хонадонларда ҳарорат 32 даражагача кўтарилган, одамлар ўзларини ёмон ҳис қилган ва ҳатто тез ёрдам чақиришга мажбур бўлган.

Электр таъминотидаги муаммолар ҳали ҳам тўлиқ бартараф этилмаган. 23 июль куни ҳам Юнусобод туманининг бир қатор маҳаллаларида вақт-вақти билан чироқ ўчмоқда. Электр тармоқларига ортиқча юкланишнинг олдини олиш мақсадида амалга оширилаётган бу чора-тадбирлар, аҳолида норозилик уйғотмоқда.

Айни вақтда “Башкир”, “Фирдавсий” ва “Бодомзор” массивлари, шунингдек, “Xиёбонтепа”, “Хакимзода”, “Чимработ”, “Низомий”, “Қози тано” ва “Боғи шамол” кўчаларида электр таъминоти узилиб турибди. Ўчиришлар қачонгача давом этиши ҳақида ҳеч қандай расмий маълумот берилмаган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.