Трансфермарктга кўра, Ўзбекистон терма жамоаси Осиёнинг энг қиммат жамоаси — лекин бу шунчаки рақамларми?

Улашиш:

Трансфермаркт порталига кўра, 2025 йил июль ҳолатида Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиёдаги энг қиммат футбол жамоаси сифатида қайд этилди. Жамоанинг умумий трансфер баҳоси — 69,58 миллион евро. Бу натижа нафақат ўзбекистонлик мухлислар, балки бутун Осиё футбол жамоатчилиги учун кутилмаган воқеа бўлди.

Ўзбекистон терма жамоаси рейтингда Бирлашган Араб Амирликлари (50,90 млн евро) ва Австралия (36,13 млн евро) каби рақобатчиларини ортда қолдирди. Япония ва Жанубий Корея эса мос равишда 6 ва 9-ўринларда жой олди. Бу ҳолат кўпчиликда ҳақли саволларни пайдо қилди: ҳақиқатан ҳам Ўзбекистон Осиёдаги энг кучли ва қиммат жамоами?

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бундаги асосий омил — таркиб танлови. Жумладан, Япония ва Жанубий Корея каби етакчи терма жамоалар 2025 йил июль ойида Шарқий Осиё мусобақаларида иштирок этар экан, ўз етакчи футболчиларини жалб қилмаган. Масалан, Япония сафида Такефуса Кубо, Каору Митома, Даичи Камада каби юлдузлар йўқ эди. Жанубий Корея эса Сон Хён Мин ва Ким Мин Жае каби қимматбаҳо ўйинчиларсиз ҳаракат қилди.

Бу мусобақалар кўпроқ ёшлар ва ички чемпионат футболчиларини синовдан ўтказиш учун мўлжаллангани сабабли, етакчи жамоалар асосий таркибини эмас, экспериментал футболчиларни жалб қилди. Трансфермаркт портали эса айнан шу пайтдаги таркибларни ҳисобга олган ҳолда рейтинг янгилаган.

Натижада, ўз етакчиларини тўлиқ таркибда жалб қилган Ўзбекистон термаси автоматик равишда юқори баҳоланган. Хусусан, Англия клубига катта пул эвазига ўтган Абдуқодир Ҳусановнинг трансфери ҳам жамоа баҳосини кескин оширган омиллардан бири бўлди.

Шу сабабли, ушбу рейтингни мутлақ ҳақиқат сифатида қабул қилиш имконсиз — у фақат маълум бир вақтдаги реал таркиблар асосида шаклланган техник натижадир. Аммо барибир, бундай кўрсаткич Ўзбекистон футболи учун муҳим психологик руҳлантирувчи омил сифатида қаралиши мумкин.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.