30 июль – Халқлар дўстлиги куни муносабати билан Ўзбекистон бўйлаб «Дўстлик» фестивали тадбирлари бошланди. Фестиваль 25–31 июль кунлари давом этади. Дастур доирасида маданий-кўнгилочар, маънавий-маърифий ва илмий-амалий тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.
Тадбирларнинг илк босқичи 25 июль куни «Янги Ўзбекистон» боғидаги Мустақиллик монументига гулчамбар қўйиш маросими билан бошланди. Унда Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита, миллий маданий марказлар, дўстлик жамиятлари, ОАВ вакиллари ҳамда жамоатчилик иштирок этди.




Шу куни Қўмита биносида «Дўстлик» фестивали юзасидан матбуот анжумани ҳам ташкил этилди. Анжуманда Қўмита раиси Қаҳрамон Сариев фестивалнинг асосий мақсади – миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш, ўзаро ишончни ривожлантириш ва хориждаги ватандошлар билан ҳамкорликни чуқурлаштириш эканини таъкидлади. Ахборот хизмати раҳбари Озоджон Қувондиқов эса фестиваль тадбирлари ОАВда кенг ёритилиши ҳақида маълумот берди.


Фестиваль доирасида қуйидаги муҳим тадбирлар режалаштирилган:
26 июль, 19:00 – Гала-концерт, Касаба уюшмалари саройида;
28–29 июль – «Дўстлик нигоҳи» номли фотосуратлар кўргазмаси, Тошкент фоточилар уйида;
29 июль, 17:00 – Ҳунармандчилик кўргазма-ярмаркаси, Наврўз боғида;
29 июль, 15:00 – «Қардошлик мушоираси», Ёзувчилар уюшмасида;
29 июль, 17:00 – Миллий маданий марказлар кўргазмаси, Қўмита майдонида;
30 июль, 10:00 – Халқаро конференция;
30 июль, 15:00 – «Халқлар дўстлиги» кўкрак нишони билан тақдирлаш маросими;
31 июль, 10:00 – Фестиваль якунлари бўйича брифинг.
Тадбирлар Тошкент шаҳри билан бир қаторда республиканинг барча ҳудудларидаги нуфузли майдонлар, боғ ва хиёбонларда ҳам ташкил этилади.




Фестиваль доирасидаги барча ҳаракатлар БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 30 июль — Халқаро дўстлик куни сифатида эълон қилинган сана доирасида ўтказилаётгани билан аҳамиятлидир. Бугун миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни мустаҳкамлаш — давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган.