Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ҳарбий таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш бўйича янги миллий модель ишлаб чиқилди. Қуролли Кучлар академияси негизида “Ўзбекистон Республикаси ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети” ташкил этилади.
Ушбу университет Мудофаа вазирлигига қарашли барча ҳарбий таълим муассасаларини — 5 та институт, Сержантлар тайёрлаш олий мактаби, ҳамда Авиация ва учувчисиз учиш аппаратлари мутахассисларини тайёрлаш марказини ўз таркибига олади. Бу марказлашган вертикал тизим орқали қўшинларнинг жанговар салоҳиятини ошириш, дуал таълимни кенгайтириш ва илмий ютуқларни амалиётга жорий этишга хизмат қилади.
Сержантлар мактабида етакчилик қобилияти, замонавий қуроллар ва тактик усуллар бўйича тайёргарлик кучайтирилади. Шу билан бирга, 18 хил тор йўналиш — алоқа, таъминот, психологик тайёргарлик каби соҳалар бўйича “2+2” тизими жорий этилади — бу йўналишлар бўйича мутахассислар бошқа ОТМнинг 2-босқич талабалари орасидан танлаб олинади.
Янги ўқув йилидан бошлаб “Олий Бош Қўмондон” номли давлат стипендияси жорий этилади. Унга лойиқ деб топилганлар бакалавриатдан сўнг 5 йил мобайнида магистратурага имтиҳонларсиз қабул қилинади.
Шунингдек, ҳарбий таълим битирувчиларига бир вақтнинг ўзида ҳам фуқаролик, ҳам ҳарбий йўналишда иккита диплом берилади. Бу уларнинг хизматдан кейинги фаолиятларини таъминлайди.
Яна бир муҳим янгилик — ҳарбий педагогларнинг танлови ва тайёргарлиги ҳам кучайтирилади. Улар етакчи хорижий давлатларда ўқитилади.
Барча таклифлар Президент томонидан маъқулланди ва амалиётга самарали жорий этиш бўйича кўрсатмалар берилди.