Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашуви БМТнинг денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича конференцияси доирасида бўлиб ўтди.
Учрашувда томонлар Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилдилар. Гутерришнинг ўтган йили Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи давомида эришилган келишувларни рўёбга чиқариш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бугунги кунда мамлакатда БМТ билан 160 та қўшма дастур ва лойиҳа амалга оширилаётгани қайд этилди. Мамлакатимиз ташаббуси билан сўнгги йилларда БМТ Бош Ассамблеясининг 13 та резолюцияси қабул қилингани ҳам қайд этилди.
Шу билан бирга, давлат хизмати масалалари бўйича форум, Тошкентда “БМТ-Аёллар” ваколатхонасининг очилиши, ЮНИСЕФ ва БМТ-Хабитат раҳбарларининг ташрифлари – барчаси амалий ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги қадамлардир. Самарқандда ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясига тайёргарлик кўрилмоқда.
Учрашувда глобал ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар, жумладан, Марказий Осиёда интеграция жараёнларини чуқурлаштириш ва Афғонистонни минтақавий ҳамкорликка жалб этиш юзасидан фикр алмашилди.
Мирзиёев БМТни замон талабига мос ислоҳ қилиш ва унинг институтларини модернизация қилиш бўйича Гутерришнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлади.
Маълумот ўрнида, денгизга чиқиш имконияти бўлмаган 32 та ривожланаётган мамлакатлар қаторидан жой олган Ўзбекистон халқаро савдода иштирок этиш ва транспортдан самарали фойдаланишда жиддий муаммоларга дуч келмоқда. Бу транспорт йўлакларини диверсификация қилиш зарурлигини англатади.
Шу жиҳатдан, БМТнинг ушбу конференцияси ана шундай мамлакатларнинг салоҳиятини рўёбга чиқаришда янги имкониятлар эшигини очиши кутилмоқда.