Дўстлик туманида истиқомат қилувчи Зоҳид Жумаев исмли блогер ўзининг Youtube хостингидаги канали ва Facebook’даги саҳифасида Дўстлик туман ДХМ биносида банк шахобчаси фаолият юритмаётганлиги тўғрисида видеомурожаат қолдирди.
Мазкур ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Давлат хизматлари агентлиги Жиззах вилоят бошқармаси тумандаги вазиятни ўрганди ва қуйидагилар аниқланди.
Дўстлик туманида кўрсатилаётган давлат хизматлари учун шу вақтгача “Агробанк” АТБнинг туман филиали томонидан тўловлар қабул қилинган. Айни пайтда филиалнинг 1 нафар ходими аҳолидан кўрсатилган хизматлар учун тўловларни қабул қилиб келган. Ҳозирда банк ходимларининг хабар беришича ДХМ биносида фаолият кўрсатаётган ходим учун сарф – ҳаражатлар ўзини оқламаганлиги туфайли банк ДХМ биносида тўловлар қабул қилишни тўхтатган.
Ваҳоланки видеомурожаатда айтилганидек, пул тўлашда шу вақтгача муаммо бўлган эмас. Айни пайтда фуқаролар ДХМ биносидан 50 метр узоқликдаги Халқ банки филиали, 300 метр масофада “Агробанк” АТБнинг туман филиали биносида тўловларни амалга ошириб келишмоқда. Бундан ташқари, ДХМ биносида янада қулайлик яратиш мақсадида тегишли тижорат банклари билан ҳамкорликда тўловларни қабул қилиш учун махсус кассани жойлаштириш таъминланади.
ДХА Жиззах вилоят бошқармаси Ахборот хизмати