Ўқитувчиларга вазифасидан ташқари ишларни юклайдиганлар жавобгарликка тортилади — Саида Мирзиёева

Улашиш:

Президент Администрацияси шўъба мудири Саида Мирзиёева ўқитувчиларга вазифасидан ташқари ишларни юклайдиганларни маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, тез орада қабул қилиниши кутилаётганини маълум қилди.

Ўзбекистонда Ўқитувчиларга вазифасидан ташқари ишларни юклайдиганларни маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бу ҳақда президент Администрацияси Ижро этувчи аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўъба мудири Саида Мирзиёева маълум қилди. Унинг қўшимча қилишича, қонуннинг тез орада қабул қилиниши кутиляпти.

«Афсуски, фарзандларимизга таълим бераётган ўқитувчилар йиллар давомида ҳақ-ҳуқуқсиз, ҳимоясиз, қадрсиз бўлди. Улардан боғбон, фаррош, мактабга келган комиссияларга хизмат кўрсатувчи официант, зерикарли тадбирларда бўш залларни тўлдирувчи „массовка“, матбуот нашрларига мажбурий обуначи, тунги навбатчи ва мактаб қоровули сифатида фойдаланилди», — деб ёзди у.

Саида Мирзиёева энди бу ишларни тўхтатиш вақти келганини таъкидлади. «Чунки ўқитувчилар қадрини кўтармас эканмиз, ҳеч нарсага эриша олмаймиз», — деди президентнинг қизи.

Ноябрь ойида мактаб ўқитувчилари томонидан ҳудуддаги хонадонларда яшовчи мактаб ёшидаги болалар ҳақида маълумотлар йиғилаётгани ҳақида хабар қилинган эди. Шундан сўнг Президент администрацияси ХТВ ҳамда тегишли мутассаддиларга ўқитувчилар зиммасига юклатилган барча ортиқча вазифаларни инвентаризация қилиш ҳамда уларни тақиқлаш юзасидан администрация томонидан тегишли кўрсатма берди.

Шунингдек, уларни йиғилишлар ва касбий фаолият билан боғлиқ бўлмаган бошқа тадбирларга жалб қилиш, уларнинг босма нашрларига мажбурий обунани ташкил қилиш мумкин эмас. Шунингдек, халқ таълими муассасалари фаолиятини белгиланган тартибда ва қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган асосларга риоя қилмасдан текширишга тақиқ белгиланди.

Шунга қарамай, сўнгги йилларда ўқитувчиларни турли ишларга мажбурлаш амалиёти давом этмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.