Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман суди “Афросиёб” тезюрар поездига нисбатан қўпорувчилик содир этган икки темирйўлчини узоқ муддатга озодликдан маҳрум этди. Улардан бири 13 йил, иккинчиси 12 йилга қамоқ жазосини олди.
Давлат хавфсизлик хизмати маълумотига кўра, ҳодиса 2024 йил 14 январь куни Самарқанд вилояти Пахтачи туманида содир бўлган. Жиноятчилар 110 кг оғирликдаги темир-бетон шпални рельс устига қўйиб, “Тошкент–Бухоро” йўналишидаги 159 км/с тезликда ҳаракатланаётган 148 йўловчили “Афросиёб” электропоезди билан тўқнашишига сабаб бўлган.
Поезднинг ҳаракатлантирувчи қисмлари жиддий шикастланган ва 260 млн сўмлик зарар етказилган. Тергов натижасида, айбдорлар собиқ бригадир ва унинг ҳамкасби экани аниқланди. Улар раҳбариятга нисбатан норозилик сифатида жиноий режа тузганини маълум қилишган.
Суд қарорга кўра, етказилган моддий зарар давлат ҳисобига ундириб олинди.