1954 хонанда декларация топширди — энг кўп санъаткор қайси ҳудуддан чиқди?

Улашиш:

Ўзбекистонда концерт-томоша фаолияти вакиллари учун Soliq мобил иловасида жорий этилган янги хизмат ўз натижаларини кўрсатмоқда. Солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, 1954 нафар хонанда ва ижрочи даромад солиғи декларациясини электрон тарзда топширган.

Тақдим этилган декларациялар сони бўйича Хоразм вилояти (294), Тошкент шаҳри (291) ва Бухоро вилояти (212) етакчилик қилмоқда. Самарқанд вилоятидан 207 нафар, Тошкент вилоятидан эса 157 нафар санъаткор ҳисобот тақдим этган.

Янги хизмат 2024 йил июнь ойи охирида ишга туширилган бўлиб, ижрочиларга йиллик умумий даромадлари тўғрисидаги маълумотни соддалаштирилган шаклда топшириш имконини яратади. Тизим «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси маълумотлар базаси билан интеграция қилинган.

Лицензияга эга бўлган хонанда ва артистлар шахсий маълумотлари ва Face ID орқали тасдиқдан ўтгач, хизматдан автоматик равишда фойдаланишлари мумкин.

Шунингдек, Солиқ қўмитаси ижодкорлар ўртасида #mendeklaratsiyatopshirdim_challenge ва #яподаюдекларацию хештеглари остида челленжни йўлга қўйган. Ташкилотнинг таъкидлашича, акция нафақат қонунчилик талабларига амал қилишга, балки ижодкорларнинг шаффоф фаолиятини намоён этишга хизмат қилади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.