Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда Маданият вазири Озодбек Назарбековнинг хусусий университет филиалидаги видеоси қизғин муҳокамага сабаб бўлди. Фойдаланувчиларнинг бир қисми вазир таълим муассасасини реклама қилаётганини иддао қилди.
Маданият вазирлиги матбуот хизмати эса вазирнинг иштирокини ҳеч қандай реклама билан боғлиқ эмаслигини билдирди. Расмий маълумотга кўра, Назарбеков 17 апрель куни университетнинг Андижон филиалида талабалар билан учрашган, уларнинг илтимосига кўра ўқув шароитлари билан танишган ва ёшларга илм олиш имкониятларидан унумли фойдаланишни тавсия қилган.
"Вазирнинг фикрлари ижтимоий фойдали характерга эга бўлиб, ҳеч қандай тижорат мақсадини кўзламайди," – дея таъкидлади вазирлик. Шунингдек, таълим муассасаси билан реклама бўйича ҳеч қандай шартнома тузилмагани ҳам қайд этилди.
Эслатиб ўтамиз, Назарбеков аввал ҳам реклама билан боғлиқ тортишувларга қолаётган амалдорлардан бири. 2023 йил июль ойида у Kingsman кийим-кечак дўкони ролигида пайдо бўлган ва бу иш Рақобатни ривожлантириш қўмитаси томонидан қонунбузарлик деб баҳоланган. Натижада реклама берувчи жаримага тортилганди.