Андижонда давлат хавфсизлик хизмати ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ҳоким ўринбосари ва вилоят Экология бошқармаси раҳбарларидан бири 4,1 миллиард сўмлик иш юзасидан суд жараёнини манфаатдор томон фойдасига ҳал қилиш эвазига мулк талаб қилган пайтда фош этилди.
Тергов маълумотларига кўра, улар Жалақудуқ туманидаги балиқчилик фермер хўжалигида аниқланган миллиардлаб сўм зарар бўйича даъво аризасини қўллаб-қувватлаш ва текширувни тўхтатиш учун фермерга тегишли Хонободдаги 10 сотих ер майдонини ҳоким ўринбосарининг қариндоши номига расмийлаштиришни талаб қилган.
Тезкор тадбирда ҳоким ўринбосарининг укаси нотариус орқали ушбу ерни турмуш ўртоғи номига ўтказиш жараёнида қўлга олинди.
Натижада икки мансабдорга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланди.
Кадастр раҳбари ҳам пора билан ушланди
Шунингдек, Кадастр агентлиги Андижон филиали раҳбари фуқарога ер майдонини расмийлаштириб бериш эвазига 4 минг АҚШ доллари олган пайтда қўлга олинди. Унга нисбатан ҳам 210-модда 2-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилди.
Наманганда мактабгача таълим тизимида коррупция
Наманган вилоятида эса мактаб ва мактабгача таълим бўлими мудири, шунингдек, икки хусусий боғча раҳбари қонунбузарликка қўл урди. Улар маҳаллий фуқаронинг ишончига кириб, уни бошқа тумандаги давлат боғчасига мудира қилиб тайинлаш учун 2500 доллар талаб қилган.
Тезкор тадбирда аввал хусусий боғча раҳбари пора олган пайтда, кейин иккинчи раҳбар ҳам қўлга олинди. Олинган пулнинг 1000 доллари таълим бўлими мудирига берилиши аниқланиб, у ҳам жиноят устида ушланди.
Ҳозирда уларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «а» банди ва 211-моддаси 1-қисми билан иш қўзғатилди.
ДХХ ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан олиб борилган тадбирлар натижасида Андижон ҳамда Наманганда бир қатор мансабдорлар коррупция ҳолатида фош этилди. Ҳозирда барча ҳолатлар бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда.