Ўзбекистонда автомобилингизга яшил, сариқ ёки қизил “экостикер” олиш учун яна бир йил кутишингизга тўғри келади. Ҳукумат қарорига кўра, “Экологик транспорт” тизими 2026 йил 1 январдан амалга киритилади.
Нима ўзгаради?
2024 йил март ойида қабул қилинган қарорга кўра, экостикерлар 2025 йил 1 мартдан жорий этилиши керак эди. Бироқ, янги 562-сон қарор билан бу муддат 2026 йилга кўчирилди.
Тизим босқичлари
Биринчи босқич (2025–2027) – фақат Тошкент шаҳрида.
Иккинчи босқич (2028–2030) – Нукус ва барча вилоят марказларида, шу жумладан, сайёҳлик марказлари ва соғломлаштириш зоналарида.
Учинчи босқич (2031–2034) – мамлакатнинг қолган ҳудудларида.
Экостикер ранги қандай белгиланади?
Яшил – меъёрларга тўлиқ жавоб берувчи автомобилларга.
Сариқ – ифлосланиш даражаси ўртача бўлганларга.
Қизил – атмосферага кўпроқ зарарли моддалар чиқарадиган транспорт воситаларига.
Ким аниқлайди?
Автомобилнинг “Евро” экологик синфи ишлаб чиқарувчи маълумотлари асосида белгиланади. Агар бу маълумотлар мавжуд бўлмаса, транспорт воситаси Ички ишлар вазирлигига қарашли махсус марказда диагностикадан ўтказилади.
Нега кечиктирилди?
Ҳукумат қарорининг асосий сабаби – тизимни тўлиқ техник ва ташкилий жиҳатдан тайёрлаш. Шу билан бирга, жорий этиш босқичма-босқич амалга оширилиб, аҳоли ва бизнес учун қўшимча юклама бермаслиги кутилмоқда.